Замонга ҳамоҳанглик – давр талаби

Фарғона шаҳрида «Huawei Tech Investment Tashkent» компанияси, жамоатчилик билан ишлашга ихтисослашган «Maslov PR Tashkent» агентлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ҳамкорлигида водий журналистлари учун семинар-тренинг ташкил этилди. Унда Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларидан ташриф буюрган 20 дан ортиқ ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Семинардан кўзланган асосий мақсад соат сайин ривожланиб бораётган технология, РR ва коммуникация соҳаларидаги янгиликлар ҳақида журналистларни хабардор этиш, корпорация ва бизнес тизимлари ҳамда давлат муассасалари матбуот хизматлари билан ҳамкорликни қай йўсинда ўрнатиш лозимлиги ва «Huawei» компаниясининг Ўзбекистонда амалга ошираётган ижтимоий лойиҳалари тўғрисида маълумот беришдан иборат бўлди.
-Техника асри дея эътироф этилаётган бугунги кунда нафақат дунёнинг йирик мамлакатларида, балки Ўзбекистонда ҳам барча соҳаларда қулайликлар ва янги-янги имкониятлар яратилмоқда,- дейди «Huawei» компанияси матбуот котиби Даврон Азизов.- Телекоммуникация соҳаси жадал суръатда ривожланиб бораётган ҳозирги жараёнда журналист фаол бўлмаса иш сифати юқори бўлмайди. Технологик жараёнлардан хабардор бўлмаган, профессионал кадрлар билан таъминланмаган таҳририятлар савияси давр талабига жавоб бермас экан, ижобий натижага эришиш қийин. Шу ўринда айтиш мумкинки, бу борада ҳамкасбларимизга яқиндан кўмаклашиш мақсадида сайёр тренинглар ташкил этишни лозим кўрдик. Бугунги дастлабки семинаримизни бевосита халқаро тажрибага эга бўлган PR агентлиги билан ҳамкорликда ўтказишга қарор қилдик.
 
 
 
- Мамлакатимизда салкам ўн йилдан бери фаолият олиб бораётган компаниямиз деярли барча ОАВ билан ҳамкорликда ишлайди. Журналистларга эскича услубда, яъни фақатгина пресс-релизлар ва умумий маълумотлардан фойдаланибгина қолмай, ривожланган мамлакатлар тажрибасидан ўрганишни тавсия этамиз, - дейди «Maslov PR Tashkent» агентлиги директори Барно Назарзода. - Тадбир ташкилотчилари томонидан берилган пресс-релиз ёки ахборот индивидуал ишланиб, махсус саволлар, далил ва таҳлилий маълумотлар билан бойитилган материаллар ўқувчи учун қизиқарли бўлади. Шунинг учун ҳар бир журналистга мавзуга ва воқеликка ижодий ёндошиш лозимлигини тавсия қилган бўлардим.
Семинар-тренинг доирасида ана шу тартибда иш ташкил қилиш, мақоланинг маълумотга бой ҳамда ўқишли бўлиши учун нималарга эътибор қаратиш лозимлиги, матбуот хизматлари билан қандай алоқа ўрнатиб, газетхонлар учун муҳим бўлган хабарлар тайёрлаш услублари ҳақида суҳбатлашилди.
-«Huawei» компаниясига мазкур тадбирни айнан Фарғонада ташкил этганлиги учун ташаккур билдирамиз,- дейди таниқли журналист Муҳаммаджон Обидов.- Бу каби тренинглар жуда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, оммавий ахборот воситалари вакилларининг профессионаллик даражасини оширишга хизмат қилади. Фарғонада юзга яқин медиа-ресурслар мавжуд бўлиб, ижодкорлар янги технологиялар ҳақида билишга чанқоқ ҳамда ҳамиша замон билан ҳамнафас бўлиб юришга тайёр.
Тренинг жараёнида ташкилотчилар иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоблар беришди. Ўз навбатида семинарни мазмунли ўтказиш учун қизиқарли саҳна кўринишлари ташкил этилди. Фикр-мулоҳазалари билан фаол иштирок этган журналистларга компания томонидан қимматбаҳо совғалар тақдим қилинди.
Шоҳида ДАМИНОВА,
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар

Биз Twitterда