Юксак эҳтиром ва ваъдага вафо намунаси

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 6-7 март кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. Тадбир тафсилотлари билан аввалги хабарларимизда батафсил маълумот бердик. Қуйида сафарнинг якуний кунидаги ҳаяжонли ҳолатлар ҳақида сўз юритамиз.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов билан видолашув маросимида Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистонда Буюк Йўлбошчимиз хотираси абадийлаштирилишини таъкидлаган эди. Шу мақсадда Туркманобод шаҳридаги марказий кўчалардан бирига Ислом Каримов номи берилди. Ушбу кўчада ёдгорлик мажмуаси барпо этилди ва Биринчи Президентимизнинг бюсти ўрнатилди. Мажмуада Ўзбекистон ва Туркманистон давлат байроқлари акс эттирилган. Уларнинг ёнидаги гранитда Ислом Каримовнинг «Биз қадрлашимиз ва юксалтиришимиз зарур бўлган муҳим бойлик – бу мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишончдир» деган сўзлари ўзбек ва туркман тилларида битилган. 
Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов Буюк Йўлбошчимизнинг ушбу ўгитига амал қилиб, мамлакатларимиз ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаб, ўзаро ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда. 

 
Ислом Каримов буюк сиёсатчи, улуғ давлат арбоби, ўз халқини жонидан ортиқ севган ватанпарвар инсон эди, деди Гурбангули Бердимуҳамедов. Ўзбекистоннинг янги ҳаётида дуч келган турли муаммо ва қийинчиликларни оқилона енгиб ўтди. Бутун минтақа тинчлиги ва ҳамкорлигига, жумладан, Ўзбекистон билан Туркманистон алоқалари ривожига улкан ҳисса қўшди. Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш қарзимиз эди. Бугун ушбу вазифани адо этар эканмиз, у кишининг меросини асрашимиз, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашимиз зарур. 
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирганингиз учун чуқур миннатдорлик билдирамиз, деди Шавкат Мирзиёев. Ислом Каримов буюк давлат арбоби, узоқни кўра оладиган доно сиёсатчи, замонамизнинг ёрқин, улуғ шахсларидан эди. Мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримов Ўзбекистонда кучли давлат барпо этди, жамиятимизни демократия йўлидан изчил ривожлантирди. Шу билан бирга, бутун минтақамизда тинчлик, хавфсизлик ва аҳиллик муҳитини яратишга улкан ҳисса қўшди. Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида қарор топган алоқалар дўстлик, яхши қўшничилик муносабатларининг намунасига айланди. 
Туркманобод шаҳридаги «Руҳият» саройида Ўзбекистон ва Туркманистон санъат усталарининг концерти намойиш этилди. Ўзбек эстрадаси тирик афсонаси Фарруҳ Зокиров ва “Ялла” гуруҳи, мумтоз санъат намояндаси Муножот Йўлчиева, истеъдодли раққоса Саидахон Мансурходжаева ва бошқа ҳамюрт санъкорларимиз чиқишлари билан йиғилганларнинг олқишига сазовор бўлдилар. Бу ўзбек ва туркман халқларининг бир-бирига яқинлигини яққол намоён этди, мамлакатларимизнинг замонавий ва мумтоз санъати билан кенг танишиш учун қулай имконият бўлди. 
Сарой фойесида ўзбек ва туркман халқ амалий санъати буюмлари намойиш этилди. 
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга давлат ташрифи якунига етди. Туркманобод аэропортида Ўзбекистон Президентини Туркманистон Президенти кузатиб қўйди. 
Президентимизнинг Туркманистонга ташрифи ва унинг доирасида имзоланган ҳужжатлар, бўлиб ўтган маданий тадбирлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик яхши қўшничилик ва қардошлик тамойиллари асосида ривожланиб бораётганини яққол намоён этди. 

Биз Twitterда