ЁШЛАР УЧУН ЁНИБ ИШЛАШ ДАВРИ КЕЛДИ!

 
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси кенг билимли, эркин фикрлайдиган, ўз қарашлари, хатти-ҳаракати, ҳаёт тарзи билан миллий маънавий қадриятларга, миллий ва инсонпарварлик ғояларига таянган садоқатли ёшларни тарбиялаб етиштиришни ўзининг асосий бурчи деб билади.
Партиянинг сайловолди Платформаси ва дастурида белгиланган ушбу устувор вазифалар ижроси юртимизда униб ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясида, уларда Ватан келажаги олдида масъуллик ва дахлдорлик ҳиссини, юксак ватанпарварлик туйғусини шаклланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
ЎзМТДП Наманган вилояти Кенгаши томонидан ўтказилган “Ёшлар қаноти” фаолиятининг 2016 йил якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган асосий вазифаларга бағишланган йиғилишда шу ҳақда сўз борди.
Партия вилоят Кенгаши раисининг хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Соҳибахон Аъзамова, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Наманган ҳудудий бўлинмаси лойиҳа раҳбари Азамат Нўъмонов, партия “Ёшлар қаноти” фаоли Саидакбар Муталов сўзга чиқиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида ёшлар камолотига доир белгиланган вазифаларга жиддий эътибор қаратиш зарурлигини таъкидладилар.
Маърузада ёшлар ва аҳоли ўртасида мамлакатимизнинг бой тарихини, унинг бетакрор маданияти ва миллий қадриятларини кенг тарғиб қилиш, жаҳон илм-фани ва адабиёти ютуқларини етказиш учун зарур муҳит ва шарт-шароит яратиш лозимлиги таъкидланган.
ЎзМТДП Наманган вилояти Кенгаши ёшлар масалалари бўйича етакчи мутахассиси Илҳомжон Ҳожиевнинг “Ёшлар қаноти”нинг 2016 йилдаги фаолияти якунлари юзасидан берган ахбороти танқидий-таҳлилий муҳокама қилиниб, мазкур йўналишда ташаббускорлик ва фидойилик кўрсатиш, бошқача айтганда ёниб иш олиб бормоғи лозимлиги қайд этилди.
 
 
Маълумот ўрнида: бугунги кунда вилоятимизда ЎзМТДП ғоя-мақсадларини амалга ошираётган аъзолар сони 11629 нафар бўлиб, шундан 52 фоизи, яъни 6095 нафари навқирон авлод вакилларидир. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида 30 ёшгача бўлган 2 нафар депутат фаолият юритмоқда. Бу кўрсаткични келгусида ошириш, ёшларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш, уларни юртимиз ва дунёда рўй бераётган сиёсий жараёнлардан яқиндан хабардор қилиб бориш даркор.
“Ёшлар қаноти”нинг 2016 йилги фаолияти сарҳисоб этилар экан, ҳамкор давлат ва жамоат, нодавлат ташкилотлари билан биргаликда ёш авлоднинг маънавий иммунитетини янада оширишга қаратилган 290 та тадбир, хусусан Фарғона водийси ёшлари иштирокидаги “Глобаллашув жараёнида ёшларда интернет маданиятини шакллантиришнинг долзарб масалалари” мавзуидаги минтақавий анжуман, “Мустақиллик – миллий тикланиш ва юксалишдир” форуми, “Фарзандлари камоли - юрт истиқболи”, “Биз ОИТСга қаршимиз” каби ёшлар акциялари кўтаринки руҳда ўтказилгани, уларда 23 мингдан зиёд ўғил-қиз қамраб олингани билдирилди.
ЎзМТДП ғояси, дастурий мақсад-вазифаларини ёшлар орасида кенг ёйиш, “Ёшлар қаноти”нинг ўрнини кучайтиришда Косонсой, Наманган, Уйчи тумани Кенгашлари фаол бўлишди. Партиянинг Наманган шаҳар, Тўрақўрғон, Чуст, Норин тумани Кенгашларида бу борада сусткашликка йўл қўйилди.
- Биз ёшларни замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллашимиз учун юртимизда барча шарт-шароитлар муҳайё, - деди Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби, Наманган санъат коллежи ўқувчиси, ЎзМТДП фаоли Шоҳсанам Усубжонова. – Президентимиз Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида китобхонликни кенг тарғиб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратдилар. Бу ҳақда фармойиш ҳам қабул қилинди. Биз “Ёшлар қаноти” фаоллари бу борада янгидан янги ташаббусларни, самарали лойиҳаларни амалга оширмоғимиз лозим.
Йиғилишда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, натижадор фаолиятга эришиш мақсадида “Ёшлар қаноти” етакчиларига зарур таклиф-тавсиялар берилди.
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик
партияси Наманган вилояти Кенгаши матбуот котиби.

Биз Twitterда