Волейбол федерациясининг янги раиси қандай ваъдаларни берди?

Наманган муҳандислик-педагогика институти ва Наманган Олимпия захиралари коллежининг спорт заллари спорт ихлосмандлари билан гавжум бўлди. Боиси, ушбу икки муҳташам “арена”ларда “кичик Олимпиада” дея тарифланадиган “Баркамол авлод-2017” спорт ўйинларининг волейбол бўйича саралаш босқич баҳслари ўтказилиб, муносиб жамоалар сараланди.
Ўсмирлар ўртасидаги мусобақанинг гуруҳ ўйинларида саккизта жамоа кейинги босқичга чиқди. Ҳал этувчи ўйинларда Наманган вилояти жамоасини 3:2 ҳисобида енган Қашқадарё, Тошкент шаҳри вакилларини 3:0 ҳисобида ортда қолдирган Навоий, хоразмликларни 3:0 ҳисобида енган Андижон ҳамда қорақалпоғистонликларни 3:1 ҳисобида таслим этган Фарғона вилояти спортчилари финал босқичида иштирок этадиган бўлдилар.
Қизлар ўртасида ўтказилган баҳсларда Янгиқўрғон ижтимоий-иқтисодиёт ва педагогика касб-ҳунар коллежи ўқувчиларидан шаклланган Наманган вилояти терма жамоаси ғолибларга хос юксак маҳорат ва натижани намойиш этди. Гуруҳ ўйинларида Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари спортчилари, чорак финалда Навоий вилояти жамоасидан йирик - 3:0 ҳисобида устун келган Илҳомжон Турдиев шогирдлари Хоразм, Андижон ва фарғоналик тенгдошлари билан бирга Жиззахда бўладиган финал мусобақасига йўлланма олишди.
Наманганлик волейболчи-қизлар жорий йилдаги “Баркамол авлод” спорт ўйинларида уч йил аввал эришган чемпионлик мақомини ўзларида сақлаб қолишга астойдил аҳд қилишган. Бу ҳақда яқинда Наманган вилоят жисмоний тарбия ва спорт қўмитасида ўтказилган волейбол федерациясининг йиғилишида ҳам айтиб ўтилди.
 
 
Йиғилишда федерациянинг ўтган йилдаги якунлари танқидий-таҳлил этилиб, 2017 йилда вилоятда волейбол спорт турини ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди. Наманган Олимпия захиралари коллежи вилоят терма жамоасини мунтазам машғулотлар олиб бориши учун спорт базаси сифатида бириктирилди.
Шунингдек, федерациянинг янги раҳбарияти таркиби ҳам тасдиқланиб олинди. Эслатиб ўтамиз, яқинда республика волейбол федерациясига “Ўзтрансгаз” ва “Дори-дармон” акционерлик жамиятлари етакчилари раис ва раис ўринбосари сифатида сайланган эди. Ана шундан келиб чиққан ҳолда “Водийгазтаъминот” унитар корхонасининг Наманган бошқармаси бошлиғи Тоҳиржон Турдиев Наманган вилоят волейбол федерацияси раиси, вилоят “Дори-дармон” АЖ раиси Раҳмонжон Қосимов раис ўринбосари, Нозимжон Мамажонов ижрочи-директор этиб тайинландилар.
Янги раҳбарлар вилоят волейболини янги босқичга олиб чиқиш учун махсу дастур асосида иш олиб боришга ваъда бердилар.
Оқилхон ДАДАБОЕВ.

Биз Twitterда