VODIYMEDIA башорати: "Байер" бугун сенсацияни деярли амалга оширади, "Монако" эса дарвозасидан гол чиқариб чарчайди!

 
Бугун Европа чемпионлар лигаси нимчорак финалида иккита жавоб ўйини бўлиб ўтади. Мадридда “Атлетико” Германиянинг “Байер” клубини қабул қилса, Францияда “Манчестер сити” “Монако”га қарши майдонга тушади.
Биринчи учрашувларда қайд этилган ҳисоблар ҳар икки ғолибга хотиржамлик бериши тайин. “Атлетико” сафарда 4:2 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, “шаҳарликлар” “Монако” устидан 5:3 ҳисобида зафар қучишганди.
Бироқ футболда ҳар доим икки карра икки тўрт бўлавермайди. Яқиндагина ПСЖ 4:0 ҳисобидаги ютуқдан сўнг Барселонага бориб, 1:6 ҳисобида мағлуб бўлгач, биринчи ўйин ҳисоби ҳар доим ҳам ҳал қилувчи бўлмаслиги яна бир карра исботини топганди.
Бу кеча бўлиб ўтадиган учрашувларда меҳмонлар “Барса” каби сенсацияни амалга оширишларини кутиш бироз қийин. Лекин VODIYMEDIA ҳисоб-китобига кўра, ҳар икки учрашув бир хил сценарий асосида ўтмайди.
Дастлаб, Мадриддаги ўйиндан бошласак. Бизнингча, немисларнинг ҳисобни эътиборга олмай ўйнай олишлари ҳамда испан футболчиларининг ўйинлари қовушмай қолганда таъсирчанликка берилишларини эътиборга олсак, ўйин жуда кескин тус олади. Биринчи гол бу ерда кўп нарсани ҳал қилади. Бизнингча, бу учрашувда кескинлик сўнгги сонияларгача сақланиб қолади ва “Байер” 2:1 ҳисобида ғалабага эришади. Бироқ икки ўйин натижасига кўра, “Атлетико” кейинги босқичга ўтади.
Аммо, Монакода “Манчестер сити” “Монако”ни эзғилаб ташлашини тахмин қиляпмиз. “Шаҳарликлар” шитоб билан ўйин ташкил эта олишса, жисмоний жиҳатдан бақувват бўлган, бироқ руҳан мағлуб сифатида ўйин бошлган француз князлиги жамоаси ўзини йўқотиб қўйиши тайин. Бизнингча, “Монако” - “Манчестер сити” ўйини 1:4 ҳисобида якунланади.  

Биз Twitterда