Вилоят ҳокимлиги баёноти: Марказлашган иситиш йўқ дегани иситилмайди дегани эмас!

 
“Озодлик” радиосининг расмий сайтида ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва каналларида 2019 йил 18 октябрь куни эълон қилинган “Ҳоким Намангандаги 700 та мактаб иситилмаслигини тан олди” сарлавҳали материал юзасидан Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилди:
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисида ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботига таяниб Daryo.uz сайтида эълон қилинган материалга таяниб, “Озодлик” томонидан эълон қилинган “Ҳоким Намангандаги 700 та мактаб иситилмаслигини тан олди” сарлавҳали материал вилоят ҳокимининг сўзларини атайлаб ғараз мақсадли бузиб талқин қилишга уринишдан бошқа нарса эмас.
Хайрулло Бозоровнинг Олий Мажлис Сенатининг мажлисидаги ҳисоботида келтирилган, “вилоятдаги 705 та умумтаълим мактабдан 5 таси марказлашган иссиқлик тармоғи билан таъминланган” деган факт, қолган 700 тасининг иситилмаслигини эмас, автоном иситиш тизимида эканини англаб етиш учун журналист бўлиш ҳам шарт эмас. Марказлашган иситиш тизимида эмаслиги мактабларнинг иситилмаслигини билдирмайди. Зотан, “Озодлик” материал манбаси сифатида келтирган Daryo.uz материали ҳам “Намангандаги 705 та мактабдан фақат 5 таси марказлашган иссиқлик билан таъминланган” деб номланади. Бу факт, “Озодлик” томонидан берилган материалда ҳам айнан келтирилганига қарамай, материал муаллифлари сарлавҳага атайлаб ҳоким номидан ёлғон баёнот келтириб, ўқувчи фикрини чалғитишга уринишган. 
“Озодлик”нинг ушбу ғараз мақсадли хатоли талқини, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини атайлаб пасайтириш, ёлғон ахборот тарқатиш орқали мамлакатимизда ҳар соҳада, жумладан таълим соҳасида бўлаётган ислоҳотларга бўлган ишончни йўққа чиқаришни мақсад қилгани кўриниб турибди.
Қолаверса, бундай сарлавҳали материал, Ўзбекистоннинг ўз жозибадорлигини кўрсатиб бериш учун халқаро пиар кампаниясига сарфлаётган маблағларининг самарасини йўққа чиқариш ҳамда потенциал инвесторлар оқимини камайтиришга ҳам йўналтирилган.
Агар “Озодлик”ни Наманган вилоятида мактабларни иситиш тизими бўйича ҳолат қизиқтирадиган бўлса ҳамда бу борада материал эълон қилиш режаси бўлса қуйидаги фактлардан фойдаланишни тавсия қиламиз:
Вилоятда бугунги кунда 705 та умумтаълим мактаблари мавжуд бўлиб, шундан куз-қиш мавсумида 666 та умумтаълим мактаблари кўмир ёқилғиси билан, 33 та умумтаълим мактаблари газ ёқилғиси билан ҳамда 5 та умумтаълим мактаблари марказлашган иссиқлик манбаи орқали иситилади.
Наманган вилояти бўйича 2018/2019 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш бўйича вилоят маҳаллий бюджети ҳисобидан ижтимоий соҳа муассасалари учун 35 млрд 894,4 млн.сўм, шундан, таълими тизими учун 23 млрд 321 млн. сўм маблағ сарфланган.
Шунингдек, 2018-2019 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик даврида 240 та таълим муассасаларида аниқланган куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича маҳаллий бюджетдан 15 млрд. 245 млн.сўм маблағ зарурлиги аниқланиб, вилоят ҳокимининг 2018 йил 17 октябрдаги 426-Ф-сонли фармойиши билан маблағ ажратилган ва ушбу муассасалардаги 403 дона яроқсиз ҳамда маънан эскирган иситиш қозонлари тежамкор қозонларга алмаштирилган.
Мазкур тадбирларга давомийлик сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 2019 йил 30 июлдаги ПҚ-4407-сонли ҳамда вилоят ҳокимининг 2019 йил 2 августдаги 549-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йилда маҳаллий бюджет ҳисобидан ижтимоий соҳа муассасаларини 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлаши учун жами 59 млрд 037,2 млн. сўм маблағлар ажратилган.
Жумладан, ижтимоий соҳа муассасалари учун жорий йилда 25 млрд 119 млн.сўм, шундан, халқ таълими учун 11 536,4 млн.сўм, мактабгача таълим муассасалари учун 11 288,9 млн.сўм, соғлиқни сақлаш муассасаларига 2 182,2 млн.сўм маблағлар ажратилиб тўлиқ молиялаштириб борилмоқда. 
Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати “Озодлик” радиосининг расмий сайти мутасаддиларидан ушбу ёлғон сарлавҳали материални сайтдан олиб ташлашни ҳамда бу борада берилаётган ушбу расмий раддияни сайтда ҳамда “Озодлик”нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва каналларида эълон қилишларини қатъий талаб қилади.

Биз Twitterда