Виллаш-Боаш Одил Аҳмедовга ишонади!

Article
“Шанхай СИПГ” клуби бош мураббийи Андре Виллаш-Боаш Хитой суперлигасининг 2017 йилги мавсумига жиддий тайёргарликни бошлаб юборди. 4 март куни старт оладиган чемпионат ўйинлари жуда қизғин тус олиши кутилмоқда. Чунки Чинда жаҳон юлдузлари тўпланмоқда. Бундан ташқари ушбу мамлакат клублари бошқаруви жаҳонга машҳур мураббийларга ишониб топширилган.
Ҳамюртимиз Одил Аҳмедов бежизга “Шанхай СИПГ”га ўтгани йўқ. Унинг трансферини амалга ошишида португалиялик мутахассиснинг хизматлари катта бўлгани табиий. Чунки Виллаш-Боаш “Зенит” клубидаги фаолияти давомида Одил Аҳмедов билан бир неча бор тўқнаш келган. Виллаш-Боаш Россиядаги фаолиятини энтикиш билан эслайди: “Зенит” мен учун катта тажриба мактаби вазифасини ўтади. У ердаги икки ярим йил ҳақида ажойиб хотиралар мавжуд. Оилавий шароит туфайли кетишга мажбур бўлгандим. Питердаги ўтказган пайтларимни ҳеч қачон унутмайман. Ҳамон клуб президенти Дюков ҳамда жамоанинг бир неча футболчилари билан алоқам бор. “Зенит” юрагимда абадий қолади”.  Дарҳақиқат, “Зенит”га келгунга қадар “Порту”, “Челси”, “Тоттенхэм” каби номдор клубларни бошқарган Виллаш-Боаш айнан Питердаги фаолиятидаги энг кўп ўйинни (102) ўтказди. Энг совринга рус тупроғида эга чиқди.
Масаланинг яна бир қизиқ жиҳати шундаки, португал мураббийи “Зенит”ни бошқарган пайтларда  Аҳмедов билан учта ўйинда бевосита майдонда учрашган. Бу ўйинларда питерликлар  атиги икки очко жамғаришган холос. 2014 йил 18 окябр куни Краснодарда ўтказилган учрашувда 2:2 ҳисоби қайд этилган. Ўшанда Аҳмедов учрашувнинг энг фаол футболчиси бўлиб, 90-дақиқа ҳаракат қилганди. Кейинги, 15 августдаги ўйинда эса Аҳмедов жамоасининг сафарда “Зенит” устидан 2:0 ҳисобида зафар қучишига муносиб ҳиссасини қўша олди. 2016 йил 5 март куни Краснодарда ўтказилган учрашувда 0:0 ҳисоби қайд этилиб,  ҳамюртимиз майдонда тўлиқ ҳаракат қилган ва  Виллаш-Боаш жамоаси дарвозаси олдида бир неча хавфли вазиятлар яратишга муваффақ бўлганди. Бу факторлар унга нисбатан Виллаш-Боашни қизиқиши юзага келишига сабаб бўлди. Шундан сўнг Аҳмедов Питерда яна “Зенит”ни мағлуб этди. Аммо бу пайтда Виллаш-Боаш кетиб бўлганди.
“Зенит”ни  тарк этганидан сўнг Виллаш-Боаш оиласи билан атиги олти ой бирга бўлди холос. Шундан сўнг Хитойга чақиришди. Бу таклифга у лаббай деб жавоб берди. 2016 йил 4 ноябрида Хитой клубида фаолиятини бошлаган португалиялик мутахассис дастлаб, қўли остида тўп сурган  Халкни клубга жалб қилди. Ундан сўнг ўзи “Челси”га келишига сабабчи бўлган бразилиялик Оскарни таклиф этди. Унинг тавсиячи билан бошқа бир собиқ футболчиси Акцел Витсел ҳам бу ўлкага келди. Фақат у бошқа жамоа шарафини ҳимоя қилади. Бу ҳақда шундай дейди: “Хитой катта молиявий имкониятларга эга. Бу албатта футболчиларни ўзига жалб этади.  Витсел ва Оскарларнинг трансфери кўп нарсаларни ўзгараётганидан далолатдир. Хитой футболчи ўзига юлдузларни жалб этишга интилмоқда. Бу йўлда пул, маблағ аялмаяпти.  Витсел Хитой катта тажриба билан келяпти,  Оскар эса энди  25 га кирган ва унда улкан салоҳият мавжуд. Бундай трансферлар маҳаллий футболга катта фойда келтиради”.
Яшил майдонда кўп бор тўқнаш келган Халк ва Аҳмедов энди бир жамоада баҳамжиҳат тўп суришади
 
Собиқ шогирдлари Халк ва Оскарни янги клубига жалб этган Виллаш-Боаш ва ниҳоят навбатдаги трансферга қўл урди.  “Краснодар”даги ўйинлари билан ўзига манзур бўлган ҳамюртимиз Одил Аҳмедовни шанхайликлар сафига қўшди. Кўриб турганингиздек, жамоага қўшилган барча футболчилар Андре Виллаш-Боаш билан бевосита алоқадар ўйинчилардир. Бу эса мураббийнинг ҳамюртимиз Одил Аҳмедовга ишонч билдираётганидан далолат бериб, турибди.
Янги клубида 24-рақамда ҳаракат қиладиган миллий терма жамоамиз сардори Оскар билан биргаликда “Шанхай СИПГ”  майдон марказига жавоб берадилар. Ҳужумда эса асосий вазифани Халк билан Элкесонлар бажаришади. Ҳимоячиларга эса тажрибали португалиялик футболчи Рикарду Карвальо бошчилик қилади.
Янги мавсумда, Виллаш-Боаш ва Одил Аҳмедовга улкан муваффқиятлар тилаб қоламиз. Зеро, “Шанхай СИПГ”нинг ютуқлари, Аҳмедовнинг мунтазам ўйин амалиёти бизга сув ва ҳаводек зарур. Чунки, миллий терма жамоамиз ўйинлари кўп жиҳатдан Аҳмедовга боғлиқ! Терма жамоамиз эса мундиал йўлланмасини қўлга киритиши лозим.
Анвар Икрамов