ЎзМТРКда ислоҳотлар бошланди: Алишер Ходжаев ишдан кетди, ўрнига Хуршид Мирзоҳидов тайинланди!

Article
Ўзбекистон Республикасида сўнгги пайтлардаги барча вазирлик ва идоралар ҳаётига кириб келаётган ислоҳотлар шамоли Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига ҳам етиб келди. 12 йилдан бери бу даргоҳга раислик қилиб келаётган Алишер Ходжаевнинг фаолияти, бу ердаги носоғлом муҳит кейинги пайтларда кўп танқид қилиб келинмоқда эди.
“Янги раҳбарият (Шавкат Мирзиёев) Ўзбекистон ижтимоий сиёсий ҳаёти ва маънавиятидаги инқилобий ўзгаришларни даставвал ойнаи жаҳондаги носоғлом муҳит ва  вазиятни ўзгартиришдан бошласа керак деган ёруғ ва мунаввар бир умиддамиз” деб ёзганди яқинда хорижда яшаб келаётган таниқли ўзбек журналисти, "Дунё ўзбеклари" бош муҳаррири Исмат Хушев.
Ниҳоят, ўзгариш содир бўлди: 2015 йил 15 февралдан Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимида фаолият юритиб келган Хуршид Мирсобирович Мирзоҳидов ЎзМТРКнинг янги раиси этиб тайинланди!
Маълумот ўрнида: Хуршид Мирзоҳидов 1971 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1995 йилда Тошкент электротехника алоқалари институти (ҳозирги Тошкент ахборот технологиялари университети)нинг радиоалоқа, радиоузатиш ва телевидение муҳандиси мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2004 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши Академияси қошидаги Олий бизнес мактабини битирган.

Биз Twitterда