Ўзбекистонда ўғирланган автомобилни масофадан тўхтатиш мумкин бўлади

Article

Келаси йилдан бошлаб ўзбек милицияси автотранспорт воситаларига машина ўғирлашга қарши электрон масофадан бошқариш тизимини ўрнатади, деб хабар берди Sputnik ИИВ ҳузуридаги "Қўриқлаш" бирлашмасидаги манбасига таяниб.

2016 йил давомида бирлашма мутахассислари 12 автомобилда ўғирликка қарши қурилмани синаб кўришди ва у синовдан муваффақиятли ўтди.

Тизимнинг ишлаши қуйидагича: Мижоз сўровига асосан автомобилга қурилма ўрнатилади. Автомобил олиб қочилганида унинг эгаси бу ҳақда Қўриқлаш бўлимига хабар беради. Мутахассислар компьютер дастури ёрдамида транспорт воситасининг қаерда эканлигини аниқлашади. Шундан сўнг машина эгасининг талаби билан машина масофадан туриб ҳаракатдан тўхтатилади, машина ўғриси эса қўлга олинади. Тизим ҳаттоки машинани ким бошқараётганини кўриш имконини ҳам беради.

Манбанинг айтишича, хусусий секторда мазкур хизмат 2017 йилдан бошлаб йўлга қўйилиши режалаштирилган. ИИВ ҳузуридаги "Қўриқлаш" бирлашмаси 1700 комплектдан ортиқ қурилма сотиб олган. Ҳозирда мазкур хизматни кўрсатиш бўйича тарифлар ишлаб чиқилмоқда. Манбанинг таъкидлашича, хизмат ҳақи унчалик қиммат бўлмайди.

"Биз нархни ойига 20-25 минг сўм атрофида белгилашни режалаштирмоқдамиз. Сигнализация ўрнатиш билан солиштирганда, бу унчалик қиммат эмас", — деди у.


Биз Twitterда