Ўзбекистон туризмининг бугуни ва эртаси

Article

Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан "Туризм тўғрисида"ги қонуннинг вилоятдаги ижросига бағишланган сайёр йиғилиш ташкил этилди. Йиғилишда вилоятда туризм соҳасида олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, иштирокчилар "Туризм тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг вилоятдаги ижросини ўрганиш бўйича қўмита томонидан тузилган ишчи гуруҳ маълумоти билан таништирилди. Таъкидланишича, бугунги кунда вилоят ҳудудида 1105 археологик, 37 диққатга сазовор жойлар, 18 монументал, 21 мемориал, жами 1851 та моддий-маданий мерос объектлари мавжуд. Вилоятда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича 2016-2017 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурига асосан, мазкур объектларда таъмирлаш, реставрация қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилган. Шунингдек, сайёҳлар мобиль қурилма асосида мустақил ҳаракатланиши учун ўзбек, рус ва инглиз тилларида "SAM TOUR" дастури яратилган. Сайёҳлар ташриф буюрадиган объектларга олиб борувчи йўллар босқичма-босқич таъмирланмоқда. Давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлар асосида сўнгги тўрт йилда хориждан 80 дан ортиқ замонавий автобуслар харид қилиниши натижасида сайёҳларга юқори сифатли транспорт хизмати кўрсатилаётганлиги, 20 та меҳмонхонада қўшимча терминаллар ўрнатилганлиги, бу орқали "Visa", "Master Card" ва бошқа кредит карточкалардан фойдаланиш имконияти яратилганлиги эътироф этилди. Ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш жараёнида бу соҳада ҳали камчиликлар ҳам борлиги аниқланди. – Қонун ижроси юзасидан амалга ошириладиган ишлар талайгина, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қ.Жўраев. – Жумладан, Ҳазрати Довуд зиёратгоҳини ўрганганимизда мажмуада вилоят ҳокими бошчилигида катта ҳажмда ободонлаштириш ишлари олиб борилганига гувоҳи бўлдик. Аммо зиёратгоҳда хизмат кўрсатиш даражаси ҳали ҳам паст, бошқача айтганда, сайёҳларни қониқтирмайди. Шунингдек, ортиқча тўловлар мавжуд. Бу сайёҳлар сонини камайтиради, уларда ёмон таассурот қолдиради. Бундан ташқари, вилоят ҳудудида сайёҳлар учун ресторанлар ва кўнгилочар жойларнинг махсус рухсатномалар билан ишлаш тизимини йўлга қўйиш, меҳмонхоналарнинг хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш лозим. Шу билан бирга Wi-Fi тармоқларини кўпайтириш мақсадга мувофиқ. Йиғилишда Ўзбекистон Републикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Тадбир якунида иштирокчилар маърузалар юзасидан ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олди. Шунингдек, қўмитанинг тегишли қарори қабул қилиниб, туризм соҳасида амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

 Ғолиб Абдусаломов.

Манба:  “Зарафшон” газетаси


Биз Twitterда