"ЎЗБЕК ЭСТРАДАСИ": МАТН БОР-У МАЪНОЧИ?

Оиламизда қўшиқ, мусиқа тўғрисида тез- тез суҳбатлашиб турамиз. “Киши  қўшиқ тинглаб дам олиши, ҳордиқ чиқариши керак,-дейди онам. – Лекин ҳозир баъзи қўшиқлар  овозини ўчириб дам олишга тўғри келяпти”.
Ўйланиб қоламан, нима учун? Ахир мусиқа тинглаган киши маънавий озуқа билан бирга эстетик завқ олиши керак-ку! Нега энди бугунги қўшиқларимизни тинглаган кишининг энсаси қотиб, ижрочисининг овозини ўчиришни хоҳлаб қолади?  Ана шундай қўшиқларнинг” куйловчилари ким ва улар маънавиятимизга қанчалик дахлдор? Улар ўзларининг бемаъно ва ғализ жумлалардан тузилган “ қўшиқ”лари билан тингловчилар дидини ўтмаслаштираётганликларини билармикинлар?
Таажжубки, ана шундай мусиқалардан “завқ оладиганлар” ҳам бор. Бугунги глобаллашув, “ оммавий маданият” ном билан аталаётган  тубанлик  киши дидини шу даражага  етказиб қўйдики, энди ана шундай беъмани қўшиқлардан ҳам завқ ола бошлади.
Бир пайтлар Озод Шарофуддинов  “Шеър кўп, аммо шоирчи?”  номли мақола эълон қилган эдилар. Бугунги қўшиқчиларимизнинг ижодлари “матн бор-у маъночи?” (баъзи қўшиқларнинг сўзлари матн талабига ҳам жавоб бермайди) дейишга мажбур қилади. Мана ўзингиз эътибор беринг-а, Шаҳзода нима деб куйлаяпти?
Қани барча  қизлар, қўллар тепага,
Кимда никоҳ узук йўқ,
Тезроқ тақинг қўлига!”
Хўш, энди бундан қандай маънони тушуни мумкин? Бир тасаввур қилиб кўринг-а, ўзбек қизларининг қўллари тепада... узуксиз қўлларга узук тақиш керак???
Никоҳ узугини худди боғча болаларига конфет тарқатгандек тарқатиш керак. Қани маъно- мантиқ?
Шоҳруххоннинг:
Бунчалар зўрсан,
Бунчалар гўзалсан...
деб куйлашига нима дейсиз?  У “зўрсан” сўзини “ гўзал” сўзига маънодош қилиб  қўллаяпти. Буни қандай тушуниш ўзингизга ҳавола.
Бу борада тарих фани ўқитувчиси  Ойбек Ўсарқулов билан суҳбатлашганимизда “Саҳнани муқаддас санаган Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов, Таваккал Қодиров каби ўзбек санъатининг дарғалари  қўшиқларини тинглаган авлод вакиллари бугун ўзбек қўшиқчилигида эл таниган  Сардор Раҳимхон каби хонандаларнинг ҳам
у ёнда фил
бу ёнда макака...
Ҳиндистонда шунақа ...
деб алламбало сўзларни қўшиб айтишларини эшитиб, албатта, ҳафсалалари пир бўлади. Бундай “хизмат кўрсатган” артистлар борлигига ишонмайди”- дейди.
Келинг,  қўшиқчи Жасур Умировнинг бир қўшиғини таҳлил қиламиз:
Шаҳарни қоқ ўртасида
Мирза ( саводни қаранг) Улуғбек боғида.
Сени яна қанча кутай?
Мана шу ҳайкал тагида?
Аждодларга ҳурматни қаранг...
Яхши кўрмас экансан,
Совғани нега олдинг?
муҳаббатни қадрини қаранг!
Тўйим кенг далада бўлар,
Чақирмаганлаям келар,
Кўпам ерга ураверма,
Тўйимга Озодбек келар...
Худди ёш боланинг дўстига, "дадам менга хўрозқанд олиб беради" деб мақтанишларини эслатади. Балки бу ижодкорлар “ хўрозқанд” илинжида санъат кўчасига кириб келгандирлар. Агар қўшиқ куйлашдан мақсад мўмайгина пул топиш бўлса, илтимос куйлама, мен ўзим бераман сенга пулни дегинг келадию... бундайлардан қанча ахир…
Бугун қанчалик танқид остига олинишига қарамай, учиб бораётган ана шундай “қўшиқ”ларни тинглаб туриб, онамнинг сўзлари хаёлимда айланаверади. Наҳотки, мусиқани ўчириб қўйиб дам оладигиан даражага етиб қолган бўлсак?
Сиз нима дейсиз, азиз ўқувчи? Ёшлар маънавиятига салбий таъсир этадиган, уларнинг дидини ўтмаслаштиришдан бошқа нарсага ярамайдиган бундай қўшиқларнинг куйланишига  қарши барчамиз бирдай курашишимиз керак эмасми?
Шоҳсанам НИШОНОВА 

Биз Twitterда