Учқўрғон тумани ривожига янги импульс

Муҳтарам Президентимизнинг топшириқлари билан Наманган вилояти туманлари марказларини янгича қиёфадаги замонавий шаҳарларга айлантиришга омил бўлган “Обод марказ” дастури доирасида амалга оширилган комплекс бунёдкорлик ишлари Учқўрғон шаҳрида ҳам якунига етди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
 
 
12 ноябрь куни обод Учқўрғоннинг янги қурилган ҳамда таъмирдан чиқарилган 72 объекти халқ хизматига тантанали равишда топширилди. Бу жараёнда амалга оширилган қурилиш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари учун жами 85,1 млрд.сўм маблағ сарфланди.
 
 
“Обод марказ” дастури натижасида туман марказида 5,8 км автомобиль йўллари таъмирланди ва пиёдалар йўлакчалари ташкил этилди. Кўчаларга тежамкор ёритиш чироқлари ўрнатилди. Барча туман марказлари каби Учқўрғонда ҳам Хотира хиёбони барпо этилди ва “Мотамсаро она” ҳайкали қад ростлади.
 
 
Янги қуриб битказилган Давлат хизматлари маркази, “ZIYO” савдо мажмуаси, “NOVDA” умумий овкатланиш биноси, йирик “TONG” савдо комплекси, янгидан барпо этилган “Қишлоққурилишбанк” биноси ҳамда таъмирланган “Агробанк” ва “Халқ банки” бинолари ҳам бугун Учқўрғон халқи учун хизматга бошлади.
 
 
Туман Марказий шифохонаси ҳамда болалар стоматология бўлими тўла реконструкция қилинди. 2 та умумтаълим мактаби, 1 та мактабгача таълим муассасаси мукаммал таъмирдан чиқарилди.
 
 
Шунингдек, “Обод марказ” дастури доирасида Учқўрғон шаҳрида 2 та янги кўп қаватли уй қад ростлади, 20 та кўп қаватли уйларда мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Биз Twitterда