Устозларнинг устози

Ўзбекистон халқ артисти Юнус Ражабий халқимиз эҳтиром ва эъзозига сазовор бўлган санъаткор. У ижро этган куй ва қўшиқлар, ўзбек мумтоз қўшиқчилиги тарихи ва ривожи учун қолдирган мусиқий мероси маданият ва санъатимизнинг нодир бойлигидир. 
Тошкент Фотосуратлар уйида Юнус Ражабийнинг 120 йиллигига бағишланган фотосуратлар кўргазмасида буни янада яққол сезиш мумкин. 
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов, Ўзбекистон халқ ҳофизи Ҳасан Ражабий ва бошқалар Юнус Ражабий мероси халқимиз ва навқирон авлод маънавиятини юксалтириш, улар қалбида миллий мумтоз куй ва ашулаларга меҳр ўйғотишда муҳим ўрин тутаётгани хусусида сўз юритди. 
Юнус Ражабий болалигиданоқ куй ва ижрога бўлган қизиқиши сабаб, акаси, моҳир созанда Ризқи Ражабийга тақлид қилар эди. Бир бор тинглаган мусиқани ёддан такрор чала олган бўлажак санъаткор най, дутор, танбур, доира, афғон рубоби, фортепьянода ижрочилик малакасини оширган. У Ҳожи Абдулазиз Расулов, Ота Жалол, Ота Ғиёс, Қори Камол, Ҳалим Ибодовлардан мақом сирларини мукаммал ўрганган. 


Юнус Ражабий 5 жилдли «Ўзбек халқ мусиқаси», «Шашмақом»нинг 6 жилдли янги нашри ҳамда граммпластинка ёзувлар мукаммал тўпламини тайёрлагани, “Мусиқа меросимизга бир назар” китоби, яратган куй-ашулалари билан халқимиз қалбидан мустаҳкам жой олди. У Дони Зокиров, Маъмуржон Узоқов, Берта Давидова, Коммуна Исмоилова, Ориф Алимахсумов, Турғун Алиматов сингари элимиз ардоқлаган санъаткорларга мусиқа илмини, ижрони ўргатган севимли устоз ҳам эди. 
Фотокўргазмадаги юздан ортиқ сурат-лавҳа ҳамда Юнус Ражабий уй-музейидан келтирилган устозга тегишли буюмлар, унинг кийимлари, ноталар қўлёзмаси, мусиқа асбоблари, китоблари мухлислар диққатини тортмоқда. 

Биз Twitterда