Қуш уясида кўрганини қилади ёҳуд «Башаранг қурсин, ҳадеб пул сўрайверасанми?»

Эрталаб бир юмуш билан кўчага чиқдим. Барча ўз ташвиши билан овора. Кимдир қоп кўтариб, бекат олдида турган, кимдир боласини қўлидан етаклаб боғчасига шошган. Хуллас, ҳаёт ўз оқимида, гоҳ ундай, гоҳ бундай йўсинда давом этади.
Хаёл билан бўлиб таниш дарвоза олдига келганимни ҳам сезмабман. Эшик очиқлигини кўриб, ичкарига йўналдим. Шу пайт ичкаридан она билан боласининг ўртасидаги можарога дуч келдим. Бирпас нима қиларимни билмай тўхтаб қолдим. Уларнинг гаплари аниқ-тиниқ қулоғимга кирарди.
- Башаранг қурсин, ҳадеб пул сўрайверасанми? Ҳув куни ҳам сўроқсиз пул олибсан!- дер эди аёл шанғиллаб. Ўғил ҳам бўш келиш ўрнига онасидан баландлатиб ўшқирарди:
- Нима бўпти, етарли пул бермаганингиздан кейин оламан-да! Пулларингиз кўплигидан ошиб-тошиб ётибди.
- Кечагина беш минг сўм берувдим-ку, дарров тугатдингми? Бунақада сенга пул етказиб бўладими?
- Синфдошларимда ҳамиша даста-даста пул юради. Мен улардан ажралиб қолганман, - деди ўсмир ғўдайиб.
-Майли, қараб тургин, бир дадангга чақиб бермасамми! Таъзирингни ейсан ўшанда.
- Айтсангиз айтаверинг! Энди билдим, дадам сизни бекорга уришмас эканлар. Сиз ҳамма нарсани қизғонасиз. Қисарсиз, қисар!
...Онанинг бўғзига бир нима тиқилди. Сездимки, кўз олдидан кечагина шу чақалоғига алла айтган чоғлари, атак-чечак қилганда суюниб, оёқчалари орасидан чой отганлари, айтганини муҳайё қилиш учун елиб-югурганлари бирма-бир ўтар эди. Бугун эса ана шу кичкинтойи ўсмирлик ёшига етиб, тилини бир қарич қилиб, ўзи билан басма-бас айтишаётган эди.
Аёл бир нимадан таъсирланиб, лаблари пичирлаб, норози оҳангда ичкари уйга кириб кетди. Мен кўча остонасида турганимча масалани дарҳол тушундим. Аёл хижолат бўлмасин, дея ортимга қайтдим. Бу хонадонда Ҳадису шарифларда эслатилган «Фарзандлар ўз ота-онасига итоаткор ва меҳрибон бўлсинлар, юзига тик боқмасинлар» деган сўзларга амал қилинмаслигидан дилим оғриди.
Қишлоғимиздаги Меҳринисо исмли ёшгина аёл эрининг вафотидан сўнг ҳам ота, ҳам она бўлиб оиласини бошқарарди. Серфарзанд бу хонадонни оталиққа олган тоғалари кейинги пайтларда камроқ йўқлайдиган бўлишди. Чунки, уларнинг ҳам фарзандлари «ейман-ичаман» деб туришибди. Рўзғордан орттириб, бировни қўллаш ҳам осон эмас.
Яқинда Меҳринисоникига бордим. Ҳол-аҳвол сўрашгач, ўртанча ўғиллари Азизбекни сўрадим. Аёл бир зум тин олгач, фарзандининг далага ўтин тергани ва ўртоғининг ғўзапоясини юлишга ёрдамга кетганини айтди.
- Аёзда бормай қўяқол, деганимга қарамай чиқиб кетди, - дейди сал хўрсиниб. – Икки-уч кун ғўзапоясига қарашса туфлига етадиган пул топаркан, оёғидаги пойабзалининг ранги ўчиб қопти,- деди-ю кўнглидан нималар ўтди шекилли кўзларидан икки томчи ёш юмалади. Сўнг гапида давом этди:
- Фарзандларим эл қатори кам-кўстсиз, боши баланд бўлиб улғайишини истайман. Буни дадаси ҳам васият қилганлар. Лекин начора, харажатларни бутлаш қийин бўляпти. Аммо бир нарсадан кўнглим тўқ: болаларим меҳнатга эгилиб, меҳнатдан қўрқмайдиган бўлиб, ёш бўлса-да ҳаёт, рўзғор муаммоларини тушуниб вояга етмоқда. Улар ҳали кичик бўлса-да, шунақа катта орзу-мақсадлар ҳақида сўзлашадиларки, эшитиб: «Илоҳим, ниятларингга етинглар, роҳатларингни кўриш насиб қилсин», - дея дуолар қиламан.
...Кўнглимдан юқоридаги ўзига тўқ хонадондаги можаро билан бош эгасидан айрилиб, турмуш ташвишларидан эзилаётган бева аёл оиласидаги муҳит ўтди. Икки хил муҳитдаги икки хил тарбиянинг қай натижа беришини эса яқин келажак кўрсатади.
Тўхтахон РАҲИМОВА

Биз Twitterда