Ўш театри – Наманганда!

 
Ўзбекистон ҳукуматининг таклифига биноан юртимизга гастрол сафари билан келган Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги Бобур номли ўзбек мусиқали драма театри ижодий жамоаси 12 февраль куни тушдан сўнг Наманганга ташриф буюрди.
Театр директори Набижон Мамажонов бошчилигида 47 та ижодий ходимдан иборат ўшлик ижодий делегация Наманган ва Андижон вилоятлари чегарасидаги Чўжа постида Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазири биринчи ўринбосари Фотиҳ Жалолов, Наманган вилояти мутасаддилари ва ижод аҳли томонидан карнай-сурнай садолари остида тантанали кутиб олинди.
Кечга қадар меҳмонлар вилоятнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилдилар, Ўшда ҳам ўз маҳсулотлари билан машҳур, “Идеал” маркаси остида либослар ишлаб чиқарувчи корхонани бориб кўрдилар.
13 февраль куни эрталабдан Наманган давлат университетида, Наманган муҳандислик-технология институтида ҳамда Наманган санъат коллежида ижодий учрашувлар ўтказилди.
Соат 15:00 да Алишер Навоий номли вилоят мусиқали драма театри биносида Жалол Содиқов қаламига мансуб, Набижон Сабр режиссёрлигидаги“Айкол Манас” спектакли намойиши бўлиб ўтади.
Сўнгги бор бундай ижодий дийдорлашув 2005 йилда ташкил этилган эди.

Биз Twitterда