Қулупнай - кони фойда

Қулупнай – баҳор чоғи дастурхонимизни безайдиган илк мевалардан бири. Тарихий маълумотларга қараганда, унинг ватани Америка қитъаси бўлиб, милоддан аввалги II-I асрларда ҳам одамлар қулупнай етиштириш билан шуғулланишган. Ўрта асрларда қулупнай Европага келтирилди, аммо ўша пайтлари ер бағрида ўсгани учун «бу мева покиза эмас», деб ҳисоблашар эди. Вақт ўтиб, қулупнай нафақат мазали резавор мева, балки шифобахш экани ҳам маълум бўлди ва барчага бирдек ёқиб қолди. Ҳатто Бельгиянинг Випеон шаҳрида Қулупнай музейи ҳам бор.
Ўзбекистонда қулупнай кўчатини баҳорда, ёзда ва кузда экиш мумкин. Кам қор ёғадиган ва қор қатлами беқарор бўлган ва кузда тез совуқ тушадиган ҳудудларда баҳорда, куз узоқ давом этадиган жойларда ёзда кўчат экса бўлади. Ёзда экилган ўсимликлар кузгача яхши ривожланиб, ер устки қисми, яъни пояси, барглари яхши ривожланади, гул куртакларида ҳосил бўлиб, қишга яхши тайёрланиб, келаси йили тўлиқ ҳосил беришга тайёрланади.
Бозордан қулупнай харид қилаётганда, албатта, сархиллигига эътибор беринг, гулбанди юлинган бўлмасин. Қулупнайни кўп сақлаб бўлмайди, вақт ўтган сайин фойдалилик хусусиятлари камайиб бораверади.
Қулупнай – С витаминининг кони. Бундан ташқари, унинг таркибида, В гуруҳидаги витаминлар, каротин, фолат кислота, бир қанча макро- ва микроэлементлар мужассам.
Халқ табобатида сархил ёки қуритилган қулупнай, мева шарбати, барглари ва илдизпоясидан жигар касалликлари (ўткир ва сурункали холецистит, сариқ, сурункали гепатит, ўт-тош касаллиги), ошқозон-ичак йўли касалликлари (сурункали гастрит ва энтероколит, геморрой ва бошқалар)ни, шунингдек, сийдик тутилиши, камқонлик, ревматизм, подаграни даволашда фойдаланилади. Қулупнай иштаҳани очади, терлатувчи ва сийдик ҳайдовчи хусусиятга эга, организмда туз алмашинувини, ҳазмни яхшилайди, чанқоқни босади. Агар бола жисмонан заиф бўлса, кўпроқ қулупнай ейиши ёки шарбатидан ичиб туриши керак.
Очиқ интернет манбалари асосила тайёрланди

Биз Twitterда