Туркиянинг холис, ишончли ва тезкор журналистикаси

Унинг ўрганишга арзирли жиҳатлари жуда кўп

Яқинда «Олтин қалам»  XIV миллий мукофоти учун бўлиб ўтган танловда Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан тавсия этилган «Туркия ва турк маданияти ҳақидаги энг яхши материал» номинацияси совриндори - ЎзА фотомухбири Ҳотам Мамадалиев бир гуруҳ ўзбекистонлик журналистлар билан бирга Туркиянинг Анқара шаҳрида бўлиб қайтди. У мухбиримиз билан сафар таассуротларини ўртоқлашди:

- Ташриф доирасида Туркиянинг етакчи «ANADOLU» ахборот агентлиги, шунингдек, «TRT»,  «TRT AVAZ»  каби телекомпанияларида бўлдик. Уларда фаолият олиб бораётган журналистларнинг ишлаш услуби, ютуқлари, улар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдик.

Таъкидлаш ўринлики, «Анадолу» – Туркиядаги биринчи, энг йирик ва кенг аудиторияга эга ахборот агентлигидир. 1920 йилда Президент Камол Отатурк ташаббуси билан очилган агентлик Анқара шаҳрида жойлашган бўлиб, унинг бутун дунё бўйича 36 та мухбирлик пунктлари фаолият юритади. Агентликнинг янгиликлари 11 тилда – турк, инглиз, француз, араб, рус, албан, босния, курд, македон ҳамда форс тилларида чоп этилади. «ANADOLU» агентлиги Франциянинг энг йирик ахборот агентлиги – «Agence France-Presse», дунёдаги энг катта фотобанк – «Getty Images» каби ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади. Агентлик шиори – «Ишончли, холис ва тезкор журналистика».

«ANADOLU» ахборот агентлиги сифат жиҳатдан энг ривожланган медиа майдон бўлиб, бу ердаги иш жараёни бизни ҳайратга солди. Тезкорлик ва аниқ маълумотларни узатиш, албатта, медиа жамоасининг энг асосий вазифаларидан бири. Агентликнинг энг кўп даромад оладиган манбааси - бу фотомухбирларнинг лавҳаси экан. 60 фоиз даромад айнан фотолавҳаларни сотиш билан қопланар экан.

Ўз соҳамга яқин бўлгани учун бу менда катта таассурот қолдирди.  «TRT»,  «TRT AVAZ» телеканаллардаги техник имкониятлар ҳам ҳавас қилса арзигудек. Энг сўнгги техникалар дунёнинг деярли барча мамлакатлари билан тўғридан-тўғри эфирга чиқиш имкониятини берар экан. Бунга асло шубҳа қилмадик, чунки шу йил Наманганда бўлиб ўтган «Гуллар байрами»да ҳам «TRT AVAZ» телеканалининг байрамни жонли тарзда эфирга узатганига гувоҳ бўлганмиз.

Туркияда ОАВ билан боғлиқ муносабатларга Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Коммуникация бошқармаси жавобгар ҳисобланади. Биз мазкур бошқармада ҳам бўлдик. Бошқарманинг Хабарлар мониторинги маркази ҳар куни дунё бўйлаб 35 тилда чиқаётган минглаб медиа маҳсулотларни кузатади, уларни турк тилига таржима қилиб, тегишли давлат идораларига етказади. Марказда 120 га яқин ходим 24 соат давомида 3 навбатда ишлайди. 6 кишидан иборат алоҳида гуруҳ эса мамлакат ҳақидаги турк тилидаги янгиликларни бошқа тилларга таржима қилиш билан шуғулланади.

Бу давлатда ҳар бир агентлик ва телеканал ўз ходимлари учун барча қулайликларни яратиб берган.  Ходимлар ҳам шунга мос равишда масъулиятни чуқур ҳис қилади, улар учун энг муҳими тезкорлик.

Сафар давомида «Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги» (ТИКА) бош қароргоҳига ҳам ташриф буюрдик. «ТИКА» Ўзбекистонда шу кунгача  иқтисодий, маданий, таълим, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, туризм ва ижтимоий аҳамиятга молик бошқа қатор соҳалар бўйича грант лойиҳаларини амалга оширган. Бу ердаги ишлаш тартиби ва мақсад-вазифаларга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар эътиборимиздан четда қолмади.

Бир сўз билан айтганда, тажриба инсонга энг қимматли манбаа ва ўзига хос куч-ғайрат бағишлайди. Бунга сафар давомида амин бўлдик. Хорижлик ҳамкасблардан соҳамизга доир ўрганишга арзирли жиҳатлар жуда кўп. Касбга бўлган кучли меҳр ва юксак даражадаги шижоат менинг ҳавасимни келтирди. Олган унутилмас таассуротларимиз келгуси фаолиятимизда ютуқлар учун хизмат қилишига ишонаман.

Санжарбек ҲАМИДОВ ёзиб олди.

 

 

 

Биз Twitterда