Трамп, Меркель ва Макрон қозоқча ўрганяпти: 2018 йил январда Қозоғистон БМТ Хавфсизлик Кенгашига раислик қилади!

 
Халқаро аренада кундан кунга роли ва ўрни ошиб бораётган қўшниларимиз – Қозоғистон учун қувончимиз ва ифтихоримиз муттасил ортмоқда.
Жорий йилда иккита бир биридан йирик анжуман – ЭКСПО-2017 халқаро кўргазмасига ва жаҳон қишки универсиадасига, қолаверса Сурия масаласидаги музокараларга мезбонлик қилган Қозоғистон, шунингдек 28 июнь куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан илк марта 2017-2018 йиллар учун Хавфсизлик кенгашининг муваққат аъзоси этиб танланганди.
Маълумки, БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши халқаро тинчлик ва хавфсизликни ўрнатишда асосий жавобгар орган бўлиб ҳисобланади. У халқаро тўқнашувларни ёхуд низоларни келтириб чиқариши эҳтимол тутилган ҳар қандай низо ёки ҳолатни текшириш ваколатига, тинчликка ҳар қандай таҳдид ва уни ҳар қандай бузиш ёки агрессия ҳолларини аниқлаш ҳамда халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаб қолиш ёхуд тиклаш юзасидан тегишли тадбирларни белгилаш ҳамда тавсиялар бериш ҳуқуқига эгадир.
2018 йилнинг январь ойида Қозоғистон энди БМТ Хавфсизлик Кенгашига раислик қилади!
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 2018 йилнинг январида республиканинг БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги раислигининг бошланишига бағишланган маросимда шахсан иштирок этиши маълум қилинди.
Энг қувонарлиси, бу хабарга оид берилган баёнотда, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш Қозоғистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги фаолиятида устувор вазифа  эканини таъкидланган.
"2018 йилнинг январида ўтказилиши режалаштирилаётган юқори даражали баҳсларнинг мавзуси Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш йўллари бўлади. Қозоғистоннинг БМТ Хавфсизлик кенгашидаги раислигига киришиш маросимини давлат раҳбари, президент Нурсултон Назарбоев очиб беради", - дейилади Қозоғистон парламенти Сенати матбуот хизматининг хабарида.

Биз Twitterда