Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими Рустам Холматов Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари этиб тайинланди. Аввалги ўринбосар эса Дўстлик туманини бошқаради

Жиззах вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимига Холматов Рустам Қурбонназарович тайинланди. Ҳозирга қадар Рустам Холматов Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳокими вазифасини бажариб келаётганди.
 
 
Рустам Холматов 1961 йилда Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида таваллуд топган. Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1977 йилда «Оққўрғон» жамоа хўжалиги ишчиси сифатида бошлаб, 1995 йилгача иқтисодчи, бош иқтисодчи лавозимларида фаолият кўрсатган.
1995 -2003 йилларда Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари, Чиноз тумани ҳокими, вилоят ҳокими биринчи ўринбосари бўлган. 2003 -2008 йилларда Қуйи Чирчиқ туманига раҳбарлик қилган.
2008-2013 йилларда Тошкент вилояти ҳокими бўлган. «Пахтасаноат Илмий Маркази» акциядорлик жамияти ишлаб чиқариш ва иқтисод бўлими бошлиғи, шу акциядорлик жамияти бошқаруви раиси маслаҳатчиси, Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳокими лавозимларида меҳнат қилган.
Бу лавозимда шу вақтгача Арипов Акрам Оромович фаолият юритаётган эди. 12 апрел куни халқ депутатлари Дўстлик туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтиб, унда Акрам Арипов Дўстлик тумани ҳокими этиб тасдиқланди.  Туманни бир неча йиллар бошқарган Бабабеков Абдусаттор Рахмонович ўз вазифасидан озод этилди.

Биз Twitterда