Тошкентда Ўзбекистондаги тинчлик ва миллатлараро тотувлик масалаларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди

Article
Ўзбекистон Фанлар академиясида Республика Байналмилал маданият марказининг 25 йиллигига бағишланган «Ўзбекистон мустақиллиги – миллатлараро муносабатлар ривожида янги давр» мавзуидаги илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди, деб хабар беради ЎзА.
Анжуманда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, миллий маданият марказлари раҳбарлари, олим ва мутахассислар, мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Анжуманда «Миллатлараро тотувлик – тинчлик ва барқарорлик кафолати», «Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда динлараро тотувликни мустаҳкамлаш борасида эришилган ютуқлар», «Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон», «Миллатлараро тотувлик – жамиятдаги бирлик ва ҳамжиҳатлик омили» ва бошқа мавзуларда маърузалар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансуров, Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев, Ўзбекистон корейс маданият марказлари ассоциацияси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Виктор Пак, Рим католик черкови епископи Ежи Мацулевич ва бошқалар мамлакатда амалга оширилаётган бағрикенглик сиёсати Ўзбекистонда тинчлик, миллатлар ва фуқаролараро тотувликнинг асосий омилларидан бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
Тадбир доирасида «Ўзбекистонда бағрикенглик маданияти» ҳужжатли фильми намойиш этилди. Турли миллат вакилларининг бугунги ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи «Ўзбекистон – умумий уйимиз» китоб-альбомининг тақдимоти ўтказилди.
Анжуманда Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Танзила Норбоева сўзга чиқди.

Биз Twitterда