Тошкентда уч килограммлик лимон етиштирилди

Article
Ўзбекистонлик биринчи космонавт Владимир Жонибеков коинотда барча экипаж аъзолари вазнсизлик ҳолатига ўтиш жараёнини осонлик билан енгиб ўтишида шифобахш Тошкент лимонлари фойда берганини таъкидлагани, шиша идишчада «учаётган» лимон новдаси ва парчалари намойиш қилинган видеолавҳа ўз даврида кўплаб юртдошларимизнинг ҳайратига сазовор бўлганди. 
Фазогирлар узоқ коинот сафаридан қайтгач, лимонни қаламча усулида фазовий шароитда ўстириш мумкинлигини исботлаш борасида изланишлар олиб бораётган ўзбек олими, юртимизда цитрус мевалар етиштириш асосчиси Зайниддин Фахриддинов илдиз отиб, бўйи анча чўзилган лимон қаламчасини қўлига олганида кўзларига қувонч ёшлари келган... 
– Ўзбекистонда лимон етиштиришнинг иложи йўқ, деган фикрларни 1967 йилда отам яратган лимоннинг «Тошкент» нави чиппакка чиқарди, – дейди Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Муҳаммадазиз Фахриддинов. – Унинг вазни 450 грамм бўлиб, таркибида лимон кислотаси тўрт фоиздан ошган. Фазо шароитида синовдан ўтган ҳам айнан ана шу лимон нави эди. Орадан уч йил ўтиб, лимоннинг чатиштирилган «Юбилейний» гибриди яратилди. Буни қарангки, ундан йилига тўрт марта ҳосил олиш мумкин. Қалин пўсти таркибида кислота миқдори 12 фоиз бўлиб, эфир мойига бойлиги билан оддий лимондан уч баравар кўп юқори кўрсаткичга эга. 
Олимнинг совуққа чидамли, эртапишар лимон етиштириш борасидаги орзусини ўғли Муҳаммадазиз амалга оширди. Яқинда олимнинг иссиқхонасида бўлиб, ғаройиб тажрибани кузатдик. Лимонлар нақ косадек келади. Меваларининг ранги ва шакли деярли бир хил. Ҳажми тахминан уч килограмм келади, деб ёзади ЎзА.

Биз Twitterда