Тошкентда Халқаро ёшлар саммити бўлиб ўтади

Article
2017 йил 24-26 март кунлари Тошкент шаҳрида иккинчи Халқаро Ёшлар саммити бўлиб ўтади. Ўзбекистон Инглиз тили ўқитувчилари уюшмаси (UzTEA) қошидаги Ёш етакчиларни қўллаб-қувватлаш дастури (YLDP) томонидан Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий Ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган мазкур тадбирда хориждаги турли олий таълим муассасалари ва маҳаллий олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари талабалари иштирок этишади. Бу ҳақда vodiymedia.uz билан суҳбатда Ёш етакчиларни қўллаб-қувватлаш дастури асосчиси Баҳромжон Ҳолиқов маълум қилди.
Бу йил “Менинг юртим – менинг фахрим” шиори остида ташкил этилаётган, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грант лойиҳасида ташкил этилаётган бу йирик анжуман инглиз тилида бўлиб ўтади.
Халқаро Ёшлар саммитида иштирок этилиши кутилаётган 300 дан зиёд қатнашчилар беш мавзуда – “Тиббиёт”, “Иқтисодиёт ва бизнес”, “Муҳандислик ва ахборот технологиялари”, “Аёлларнинг жамиятдаги ўрни”, “Хорижий тиллар ва медиа” каби мавзулар юзасидан ўзаро давра суҳбатлари ва муҳокамалар ўтказишади, тренинглар давомида соҳалар бўйича машҳур мутахассислардан сабоқлар олиш имконига эга бўладилар.

Биз Twitterда