Теҳронда Ўзбекистон-Эрон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Натижа нега кутилганидек эмас?

Foto: https://mfa.uz
 
2017 йилнинг 18 октябрь куни Теҳрон шаҳрида Ўзбекистон-Эрон ишбилармон доиралари вакилларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси иштирок этди.
Форумнинг очилишида сўзга чиққан Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов таъкидлаганидек, сентябрь ойида Остона шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон президенти Ҳасан Руҳонийнинг учрашувида икки давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли барча соҳаларда Ўзбекистон-Эрон муносабатларини фаоллаштириш ва уларга янги тус бериш учун сиёсий ирода намойиш этдилар.
Айнан ўша учрашувда эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида ташкил этилган ушбу бизнес-форумда, қолаверса делегациянинг Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний, ташқи ишлар вазири Жавад Зариф, Саноат, конлар ва савдо вазири Муҳаммад Шариатмадари, Нефть вазири Бижан Зангане билан бўлиб ўтган учрашувлар ва музокаралари натижасида 7,5 млн. АҚШ долларилик аҳдлашув баённомаси, шунингдек, 25,5 млн. АҚШ долларилик қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича битимлар имзоланди.
Бу натижа ҳар икки томонни ҳам қониқтирмаслиги табиий. Сабаби, саноати ўта ривожланган, лекин шу билан бирга турли санкциялар сабабли халқаро майдонда имкониятлари чекланган Эрон Ўзбекистоннинг турли соҳалардаги импорт талабини қондиришда бошқа чет мамлакатларнинг ўрнини эгаллашга жон-жаҳди билан тиришиши керак. Лекин, натижадан негадир бу кўринмаяпти. Қолаверса, янги экспорт бозорлари учун курашаётган, лекин денгизга чиқиш йўли бўлмаган Ўзбекистон учун тўғридан тўғри темир йўл алоқаси мавжуд бўлган 80 миллион истеъмолчилик Эрон забт этилиши шарт бўлган асосий бозорлардан бири ҳисобланади. 25,5 млн. АҚШ долларилик битимлар бундай катта бозорга нисбатан олганда, денгиздан томчи холос.
Бўлиб ўтган музокаралар натижасини шундай баҳолаш мумкин: демак, икки томонда бир-бири ҳақида маълумот етарли эмас. Демак, минтақавий ҳамкорлик устунлиги сиёсатини юрғизаётган Ўзбекистон Эрон билан иқтисодий муносабатларда сезиларли ўзгаришлар бўлиши учун бу мамлакат билан ахборот ҳамкорлигини кучайтириши, турли қўшма тадбирларни кўпайтирган ҳолда, керак бўлса, Теҳронда Ўзбек Савдо Уйи ташкил этишни йўлга қўйиши керак. Эронда бўлиб ўтаётган турли кўргазмаларда Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларининг иштирокини таъминлаш ҳам бу борадаги вазифалардан бири бўлиши керак.
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда