Чустлик профессор-биолог Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистон инновацион ривожлантириш вазири бўлди

 
Ўзбекистон ҳукуматида да сўнгги кунларда қатор ўзгаришлар юз берди. Янги тайинловлар ҳамда ислоҳотлар ичида ўзига хос янгиликлардан бири – Инновацион ривожлантириш вазирлиги ташкил этилаётгани ҳақидаги хабар бўлди.
Янги вазирликка Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Иброҳим Йўлчиевич Абдураҳмонов раҳбарлик қилиши маълум бўлди.
Биология фанлари доктори, профессор Иброҳим Абдураҳмонов 1975 йилда Наманган вилоятининг Чуст туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университети, АҚШдаги Техас қишлоқ хўжалиги ва механика университетини тамомлаган.
Дунёда илк маротаба ғўзада “ген-нокаути” (генларни “ўчириб қўйиш”) технологияси асосида ғўзанинг бир қанча трансген формаларини яратишга эришди. Шунингдек, бошқа кўплаб ўсимликлар намуналарини молекуляр-генетик таҳлил қилиш имконини берувчи самарали молекуляр методларни ишлаб чиқди. 33 ёшида фан доктори даражасини олди. Бутунжаҳон фанлар академияси аъзоси. Қишлоқ хўжалиги бўйича TWAS халқаро мукофоти (2010), “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони (2010), Халқаро ғўза маслахати кенгаши мукофоти (2013) билан тақдирланган. Оилали, уч нафар фарзанди бор.

Биз Twitterда