Чортоқда "Тафаккур олами" адабиёт уйи ўз ишини бошлади

Президентимизнинг 2017 йил 12 январь кунги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши ижросини таъминлаш доирасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур фармойиш аҳолини, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни китобхонликка жалб этиш борасида тадбиркорларни ҳам ўзига хос ташаббусларга ундамоқда.
 
 
Куни кеча Наманган вилояти, Чортоқ тумани  марказидаги аҳоли энг гавжум жойда "Келажакнинг нурли уфқлари" масъулияти чекланган жамияти томонидан "Тафаккур олами" номли янги китоб савдо мажмуаси ташкил этилгани муносабати билан маънавий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда  маънавият ва маърифатга дахлдор давлат ва жамоат ташкилотлари, тумандаги барча умумтаълим мактаблари, академик лицей, касб-хунар коллежлари, маданият муассасалари ходимлари,  Наманган вилоят ва туман прокуратураси вакиллари,иштирок этдилар.
Ўзига хос адабиёт, маънавият ва китоб байрамига айланиб кетган тадбирни вилоят матбуот ва ахборот бошкармаси бошлиғи, шоир Зиёвиддин Мансуров олиб борди.
Туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Зокиржон Мўминов, вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси Нафиса Рустамова тадбир иштирокчиларини китоб мажмуасининг очилиши билан муборакбод этиш баробарида ушбу даргоҳ туман аҳлининг, айниқса, илм-маърифатга ошно камол топаётган ёшларимизнинг энг гавжум масканларидан бири бўлиб қолишига тилак билдирдилар.
"Тафаккур олами" китоб савдо мажмуасининг очилиши муносабати билан 12-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида "Тараққиёт мезони" газетаси ҳамкорлигида "Китоб - эзгуликнинг қўш қанотидир" деб номланган китобхонлик тарғиботига багишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Истеъдодли ёшларни ўзида жамлаган масканда тумандаги умумтаълим мактаблари, академик лицей ҳамда касб-хунар коллежлари томонидан китоблар кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбирда вилоят прокурорининг ёрдамчиси Мансурбек Сиддиқжонов, вилоятдан ташриф буюрган кўплаб шоир ва ёзувчилар, маънавият аҳли Президентимизнинг китоб ва китобхонликни рижожлантиришга каратилган фармойишида белгиланган кенг қамровли чора-тадбирлар, уларнинг халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёшларни ҳар жиҳатдан она юртимиз эртасига муносиб камол топтиришдаги аҳамиятига тўхталдилар.
Буюк мутафаккирлар, шоир-ёзувчиларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида сўзладилар, ўз ижод намуналаридан ўқидилар. Тадбирда прокуратура ташаббуси билан барча таълим ва маданият муассасаларида ёш авлоднинг етук камолига эришиш мақсадида "Китоб марафони", "Ҳар бир ўқувчига битта китоб", "Мен ва фарзандим учун биттадан китоб", "Отам, онам ва мен - китобхон оила" каби тарғибот тадбирларини ташкил этиш, уларга шоир ва ёзувчилар, маънавият соҳаси вакилларини кенг жалб этиш таклифи билдирилди.Маънавият байрами 12-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг иқтидорли ўқувчилари, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Наманган вилоят бўлими кошидаги "Музаффар сўз" тўгараги ҳамда "Чортоқ ҳақиқати" газетаси қошидаги "Бўстон" ижодий уюшмаси ёш ижодкорларининг чиқишилари билан янада ўзгача мазмун касб этди.
 
Сарвар ХОН,
Хотам Мамадалиев олган сурат.

Биз Twitterда