Чодаксой сирлари ёҳуд устоз Салимхон Назирий ҳақида сўз

Тошкентдан Фарғона водийси сари борадиган катта йўлнинг биқинида шундай Қамчиқ довонидан ўтилгандан сўнг водийнинг энг гўзал ва шинам гўшаларидан бири Чодак қишлоғи келади. У кўркам, серсув, мусаффо ҳаво ва озода сув келтирувчи тўлқинли сой ёқасида жойлашган. Гулистон чор атрофи тоғлар билан ўралган, ғоят сўлим ва хушҳаво макон. Бундай гўзалликда маскан тутган ҳар қандай кишининг қалби шеър ва шеъриятга мойил бўлади. Бошқача бўлмоғи мумкин эмас. Бунинг исботини шоир Салимхон Назирий мисолида ҳам кўрамиз. У болаликдан шу сафобахш заминда яшаб камол топди. Ҳозир Салимхон Назирий ўзбек шеъриятини ривожлантирмоққа бел боғлаган ижодкорлардан бири. Унинг шеърлари она Ватан, севимли ёр, вафо ва садоқатни тарранум этишга бағишланган.
Азиз юртим - дил ардоғим, суяб турган баланд тоғим,
Муҳаббатли чаман боғим, ягона ҳур диёримсан.
Қилай бағрингда парвозим, қўшиқ айтай чалиб созим,
Қалам назмида пардозим, қўлимда шўх дуторимсан.
                                ***
Мусаффо тонглари боғларга боқиб
Ишқимнинг ўтлари қайтадан ёқиб
Хаёлан гулларим чакканга тақиб
Кийик кўзларингни соғиндим, эй ёр
Ширин сўзларингни соғиндим, эй ёр
                  
                    ***       
Ажаб ҳар он кўз ўнгимда пайдосан,
Ўзинг борим банд айлаган шайдосан,
Қалбим ичра пок ҳам азиз жойдасан,
Ўзим ҳар жойдаман, кўнглим сандадур.
                 
                    ***             
Мен учун буюксан, эй сабру тоқат,
Дилгинам ҳамроҳи ўзингсан шафқат,
Умримдан қирқиб ол, розиман фақат,
Қалбимни тарк этма мангу садоқат.
Ўзбек адабиёти улуғ элимизнинг  ҳар бир бўлагида турли самаралар бериб келади. Узоқ асрлар давомида равнақ топган маданий марказлардан бири бўлмиш Қўқонда ҳам бу жараён яшаб келади. Ҳувайдо, Низомий Ҳўқандий, Нодира, Муқимий, Фурқат, Чархий... Кўп сонли ижодкорларни етиштирган Қўқон адабий муҳити ХХI асрда ҳам ўзбек адабиёти ривожига ўз улушини қўшиб келмоқда. Чархий каби устозлар ўгитидан баҳраманд бўлиб, забардаст ижодкорлар йўлини давом эттириб келаётан Салимхон Назирий мумтоз адабиётга ўзининг улкан ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Истар эдимки, бугунги маҳаллий адабий ҳаёт ҳам адабиётимиз тарихида ўз ўрнини топса, унинг вакилларига диққат-эътибор ортса. Биз учун жойларда нафақат бадиий ижод, балки кенг илмий муҳокама ва мубоҳасалар уюштириб борилса, шу соҳага оид ихтисос бўйича иш олиб борувчи мутахассислар етишиб чиқса.
Салимхон Назирий шеърлари тўғрисидаги сўз шундай фикрларни туғдирмоғи ижодиётнинг Чодаксой сингари сирларга бой, соф ва гўзал оби ҳаво яратувчи манба эканидан далолат бериб туради.
Академик Азизхон ҚАЮМОВ

Биз Twitterда