Таваллудининг 100 йиллиги бу йил кенг нишонланадиган Комилжон Отаниёзовга ҳайкал қўйилади

Article
Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи ўз ниҳоясига етди. Ташрифнинг иккинчи кунида давлатимиз раҳбари Хоразм вилоятидаги Халқ қабулхонасини бориб кўрди. Ҳар бир мурожаатни назоратга олиш ва ҳал этиш, фуқаролар учун қулайликларни янада ошириш юзасидан кўрсатмалар берди.  Урганч шаҳрида ташкил этиладиган саноат корхоналари лойиҳалари билан танишди. Дорихоналар раҳбарлари ва вакиллари билан суҳбатлашди, дея ёзади ЎзА.
Шавкат Мирзиёев хоразмликлар билан сайловолди учрашувида 2017 йилда Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллигини кенг нишонлаш, машҳур ҳофиз номи билан аталадиган замонавий ижод маркази ва унинг таркибида гўзал боғ ташкил этишни таклиф қилган эди. 
Президентимиз мазкур ижод маркази қурилиш участкасини бориб кўрди. Бу ерда Комилжон Отаниёзов ҳайкалини барпо этиш, истеъдодли ёшларнинг адабиёт ва санъат, кино, фотография сирларини ўрганишини йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди. 
Урганч шаҳридаги 11-болалар мусиқа ва санъат мактабида меҳнат фахрийлари, санъат ва адабиёт намояндалари билан мулоқот бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, одамларнинг дунёқараши ва маънавиятини юксалтириш, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш ҳақида сўз борди. 
Учрашув қатнашчилари маданият ва санъатни ривожлантиришга қаратаётган эътибори учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди. 
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи ниҳоясига етди. 

Биз Twitterда