Талабалик бахтига эришганлар... НамДУда Талабаликка бағишлов қасамёди бўлиб ўтди

 
Наманган давлат университетининг фаоллар залида «Биринчи босқич мактаби» доирасидаги тадбирлардан Ижтимоий-иқтисодий факультетининг 1-босқич талабаларининг талабалик қасамёди бўлиб ўтди. Ота-онаси ва устоз мураббийларини қувончга тўлдирган ўғил-қизларни «Талабаликка бағишлов қасамёди» маросими ҳам Истиқлол бахш этган эзгу ҳақиқат ва аждодларимиз армонларини рўёбга чиқарадиган бугуннинг аънаналаридир. Факультетнинг фаол истеъдодли юқори ва биринчи босқич талабалари иштирокида ташкил этилган тадбирда университет ректори А. Умаров, проректорлар: А. Исоқбоев, К. Боймирзаев, Д. Бойтиллаев, М. Қодирхонов, шунингдек факультет декани Н.Дехканов, кафедра мудирлари, бир қатор профессор ўқитувчилар, маънавият бўлими бошлиғи, ёшлар иттифоқи етакчиси, ота-оналар ва биринчи курс талабалари қатнашдилар.
 
 
Тадбирни маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор А.Исоқбоев кириш сўзи билан очди ва 1-босқич талабаларини самимий табриклади. Факультет декани Н.Дехканов талабаликка қадам қўйган йигит-қизларни қутлаб, келгуси ишларида муваффақиятлар тилади. Шунингдек, факультет декани томонидан талабалик гувоҳномалари топширилди.
Тадбирнинг бадиий қисмда факультет йўналишлари талабалари тайёрлаган кўринишлар, қўшиқ ва рақслар тақдим этилди.
 
 
Тадбир сўнгида Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ёшларга қарата айтилган нутқининг эшиттирилиши билан университетнинг барча талабалари фақат олдинга қараб олға бориш, билдирилган ишончни муносиб равишда оқлашга яна бир карра даъват этилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида факультетнинг "Қувноқлар ва зукколар” жамоаларининг чиқишлари йиғилганларга яна бир бор кўтаринки кайфият улашди.
 
Тадбир давомида бир қатор 1-босқич талабаларининг дил изҳорларини ёзиб олдик:
 
Баҳром Хакимов: Наманган давлат университети Ижтимоий-маданий фаолият йўналишига давлат гранди асосида ўқишга қабул қилиндим. Ҳаётимдаги узоқ кутилган ва унутилмас кунлар бўлиб ўтди. Ўтган бир неча кун мобайнида аввало «Хотира» ва «Мустақиллик» дарсларида бизга юқори малака ва салоҳиятга эга педагоглар мазмунли марузалар қилишди. Мен ўз номимдан ва курсдошларим номидан университет раҳбарияти, Ижтимоий-иқтисодий факультети профессор-ўқитувчилар жамоасига самимий минатдорчилик билдираман. Биз талабалар албатта ўз соҳамизнинг муносиб мутахассиси бўлишга, ўқиб ўрганишга, юқори марраларни эгаллашга ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатишга ваъда берамиз.
Тоштемиров Акмал: Ўтган бир ҳафта давомида ҳаётимдаги энг бахтли кунлар бўлиб ўтди. Шундай бахтга муяссар бўлганимдан хурсандман. Мен аввало, ота-онамга, устозларимга катта раҳмат айтмоқчиман.
Тўйчибоева Гулчеҳра: Ҳудди бир йил олдин «йиқилганимда» қандай йиғлаган бўлсам, университет талабаси бўлганимда шундай йиғладим…. Буни тан олишдан уялмайман! Фақат бу сафар севинч кўзёшлари бўлди...
Эргашев Мадамин: 1-босқич талабалар қасамёдини мен бундай тарзда, юқори савияда ташкил этилади деб ўйламагандим. Тадбирдаги тенгдошлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ватанпарварлик ва фидойилик ҳиссини берди.
 
М.Содиржонов
Ижтимоий-иқтисодий факультет маънавий-марифий ишлар бўйича декан ўринбосари

Биз Twitterда