Сурхондарёда 2 кунда 3 ҳоким ўзгарди: Термиз шаҳри ва тумани ҳамда Бойсунга янги раҳбарлар тайинланди!

2017 йил 17 феврал куни Термиз шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди.
 Сессияда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов  иштирок этди. Термиз шаҳрида ҳукумат томонидан  ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича барча амалий ёрдамларнинг кўрсатилаётганлигига қарамай Термиз шаҳрида тасдиқланган айрим мақсадли дастурлар ҳамда берилган топшириқларнинг ижроси таъминламаганлиги, белгилаб берилган вазифаларни бажаришга қобилияти, салоҳияти етмаслигини сезган ҳолда Термиз шаҳар ҳокими лавозимидан озод этишни сўраб мурожаат қилган Илҳом Сатторовнинг ариза қондирилди.
Вилоят ҳокими тавсиясига биноан Термиз шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникатсиялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Худайбердиев Исроил Буриевич Термиз шаҳар  ҳокими этиб сайланди.
Шу куни Термиз тумани ҳокимлиги мажлислар залида Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтиб, унда ҳам ташкилий масала кўрилди. Ўз аризасига биноан Холназаров Бозор Нормаматович Термиз тумани ҳокими лавозимидан озод қилинди. Вилоят ҳокими  тавсиясига биноан Сурхондарё вилояти Музработ тумани прокурори  вазифасида ишлаб келаётган Уринов Шухратжон Бекмахматович Термиз тумани  ҳокими этиб сайланди.  
Бундан бир кун аввал ҳудди шундай сессия Бойсун туманида ҳам ўтказилиб, ўз аризасига биноан Бойсун тумани ҳокими лавозимидан озод этилган Шокиржон Умидов ўрнига, Эркинжон Турдимов тавсиясига биноан Сурхондарё вилояти Музработ тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникатсиялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Тўраев Ўктам Исмаилович Бойсун тумани  ҳокими этиб сайланди.
Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар беришича, сессиялар  якунида, Халқ депутатлари туман Кенгашларининг тегишли қарорлари қабул қилинган. 

Биз Twitterда