Содиқ Сафоев Сенат раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди

Article

СЕНАТДА ЯНГИ ТАЪСИС ЭТИЛГАН РАИСНИНГ БИРИНЧИ ЎРИНБОСАРИ ЛАВОЗИМИГА СОДИҚ САФОЕВ НОМЗОДИ ТАСДИҚЛАНДИ.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 13 декабрдаги ялпи мажлисида парламент юқори палатасининг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалаларидаги фаолиятини такомиллаштириш масаласи кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда "UzReport"га асосланиб  «Газета.uz» . Эслатиб ўтамиз, бунинг зарурияти тўғрисида 7 декабрь куни Конституциянинг 24 йиллигига бағишланган йиғилишда мамлакатнинг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев айтиб ўтган эди.

«Мамлакатимизда инвестиция сиёсатини кучайтириш масаласига биз алоҳида устувор аҳамият қаратамиз. Хорижий сармояларни ва илғор технологияларни иқтисодиётга жалб этиш учун чет эллардаги дипломатик ваколатхоналаримиз жиддий иш олиб бориши лозим», — деган эди мамлакат раҳбари ўз нутқида.

«Бунинг учун Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини кучайтириш, чет мамлакатлардаги элчиларимиз нафақат сиёсий, айни вақтда юртимизга инвестицияларни жалб қилиш масалалари билан ҳам фаол шуғулланишлари даркор. Уларнинг бу борадаги фаолиятини назорат қилиш учун Олий Мажлис Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитасининг фаолият соҳаси ва ваколатларини кенгайтириш зарур, деб ҳисоблайман», — дея қўшимча қилди у.

Сенаторлар жаҳон майдонларида миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва илгари суриш бўйича ташқи сиёсатни амалга ошириш, халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистон ҳудудларига хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилиш, мамлакатнинг халқаро имиджини мустаҳкамлаш ҳамда мазкур соҳада парламент назоратини кучайтириш масалаларида парламент ролини ошириш мақсадида сенаторлар Сенат раисининг биринчи ўринбосари лавзозимини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Мазкур лавозимга Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари бўйича қўмитасини бошқариб келаётган Содиқ Сафоев тайинланди. Мазкур қўмита эса Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари кўмитасига айлантирилди.