Сирдарёда битта хоким, ИИБнинг тўртта раҳбар ходими ишдан олинди. 6 та маҳалла раиси, 3 та коллеж директори вазифасидан озод этиладиган бўлди

Сирдарё вилояти ҳокимлигида қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида йиғилиш бўлиб ўтди. Вилоят ҳоким Ғофуржон Мирзаев олиб борган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси ўринбосари С. Самадов иштирок этди. Бу ҳақда Сирдарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Хизмат вазифаларини лозим даражада бажармагани, ҳудудда шаҳарсозлик талабларига риоя этилишини таъминламагани, ижтимоий – иқтисодий кўрсаткичлар яхшиланишига эриша олмагани учун Бахт шаҳар ҳокими Камолиддин Низамович Саматов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Шунингдек, хизмат вазифаларини бажаришда, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халққа этказиб беришда лоқайдликка йўл қўйилганлиги учун Боёвут туманидаги «Бобоюрт» МФЙ раиси А.Анорқулов, Оқолтин туманидаги «Янги ҳаёт» МФЙ раиси Ғ.Аҳмедов, Сайхунобод туманидаги «Фаровон» МФЙ раиси Э.Файзиев, Мирзаобод туманидаги «Ойдин» МФЙ раиси Б.Собиров, Сардоба туманидаги «Файзлиобод» МФЙ раиси А.Асролов, Гулистон шаҳридаги «Сайқал» МФЙ раиси Н.Умаровларни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш масаласи «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонуннинг 24 моддасига асосан вакиллар йиғилишида кўриб чиқиладиган бўлди.
Касб-ҳунар коллежларида ўқувчиларнинг давомат кўрсаткичи, ўқитувчиларнинг дарсларга тайёргарлик даражаси, жамоалардаги маънавий муҳит талаб даражасида эмаслиги сабабли Республика танлов комиссияси раиси (А.Арипов)га Гулистон туманидаги Мирзо Улуғбек агросаноат касб-ҳунар коллежи директори Ў.Тошбоев, Гулистон олимпия захиралари коллежи директори К.Галаев ва Гулистон мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи директори Б.Назароваларга интизомий жазо чоралари қўлланилиб, эгаллаб турган лавозимларидан озод қилиш ҳақида тақдимнома киритилди.
Вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасига Гулистон туманидаги Мирзо Улуғбек агросаноат касб-ҳунар коллежи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Х.Юсубжонова, Гулистон мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Б.Саймуродовларга интизомий жазо чоралари қўллаш ва уларни эгаллаб турган лавозимларидан озод қилиш топширилди.
Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармасига Гулистон олимпия захиралари коллежи директорининг ўқув-тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари А.Бахрамовни ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари С.Мирзаевани лавозимидан озод қилиш бўйича интизомий жазо чораси қўллаш вазифаси юклатилди.
Хизмат фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйганликлари учун Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Мирзаобод тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари Ф.Сангилов, Мирзаобод тумани ИИБ бошлиғининг шахсий таркиб бўйича ўринбосари А.Зарипов, Янгиер шаҳар ИИБ ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўлинмаси бошлиғи Ғ. Хайруллаев, Гулистон тумани ИИБ ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўлими милиция таянч пунктлари вояга этмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактика инспектори Б.Усмоновларга интизомий жазо чоралари қўлланилиб, эгаллаб турган лавозимларидан озод қилиндилар.
Жиноятчиликка қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишларни талаб даражасида ташкил этишмагани оқибатида жиноят қидирув соҳасида жиноятлар ошиб кетишига йўл қўйилгани учун Сирдарё тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари С.Юлдашевга, Оқолтин тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Б.Шодиевга, Сирдарё тумани ИИБ тергов бўлинмаси бошлиғи Ж.Мелиевга, Сардоба тумани ИИБ ХЧК ва ФРБ бўлими бошлиғи Ш.Улашевга ва Сардоба тумани ИИБ бошлиғининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари Д.Синдаровларга интизомий жазо чоралари қўлланилиб, ҳайфсан эълон қилинди.
Гулистон тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Мамарасуловга, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўлими бошлиғи А.Жабборқуловларга интизомий жазо чоралари қўлланилиб, қаттиқ ҳайфсан эълон қилинганди.

Биз Twitterда