Севган шоирини ардоқлар бу юрт!

 
Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғидаги Шоирлар хиёбонида бир гуруҳ адиблар билан учрашув чоғида бир фикр билдирдилар: “Шеъриятга ошно бўлган асло кам бўлмайди!” Ҳақиқатдан ҳам, ўзбек халқи шеъриятни севгани, назм усталарини ардоқлагани, ҳар бир инсонининг руҳида шоирлик яшагани учун ҳам мазмун ва мақсадли ҳаёт кечирмоқда.
Бугунги кун ўзбек назм саройида ёрқин ижоди, ўзига хос услуби билан кўзга ташланувчи, сатрларида “мен”и “мен”га эмас, “биз”га алоқадор бўлган ижодкорлар талайгина. Ўзбек шеърияти мухлислари бундай шоирларнинг шеърларини доим севиб ўқиб келади. Чунки, сатрларда ўқувчи ўз ҳисларини, ўз дард-у ғамини, ўз қувончини топсагина, ўқиган шеърига ошно бўлади, у билан шоир ўртасида руҳан вобасталик пайдо бўлади.
Яқинда Гулистон шаҳридаги Ёшлар Маркази саройида ана шундай истеъдодли, устоз шоирларимиздан бири – Муҳаммад Исмоил ижодига бағишланган ижодий кеча бўлиб ўтди.
 
 
Сана бир минг тўққиз юз олтмиш тўртда, 13 мартда Сирдарё вилоятининг Ховос туманида дунёга келган шоир ўз киндик қони тўкилган тупроқларни қанчалик севса, Сирдарё аҳли ҳам Муҳаммад Исмоил билан шунчалик фахрланишади, уни “ўзимизнинг шоир” деб, ҳурмат-эҳтиромла тилга олишади.
Шеърият мухлислари, адабиёт жонкуярлари, давлат арбоблари, таниқли санъаткор ва ижодкорлар иштирокида бўлиб ўтган ижодий тадбирни вилоят ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Отабек Абдуғаниев кириш сўзи билан очди. Филология фанлари доктори, профессор Равшан Маҳмудов Муҳаммад Исмоил ижодидаги ватанпарварлик, халқчиллик, она Ватанга меҳру-муҳаббат нечоғлик юксак эканлиги ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Шунингдек, жуда қизғин ва мароқли ўтган кечада, Давлат мукофоти совриндори, Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон, Ўзбекистон ва Туркманистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Аҳмаджон Отажонов, севимли хонанда Каримбой Раҳмонов, “Шуҳрат” медали совриндори Ботиржон Эргашев, шоир Шарофиддин Болтабоев, таниқли хонанда Алимардон Омонтурдиев иштирок этдилар, сўзга чиқдилар, шеър ўқидилар, қўшиқлар ижро этдилар. Муҳаммад Исмоил тадбир иштирокчиларига ўзининг янги нашрдан чиққан “Менга сўз беринг” дея номланган китобини совға сифатида тарқатди.
 
 

Биз Twitterда