Швециядаги террорга муносабат: Тухум кетга тиқилса ҳам ўзбек айбдорми?

 
Очиғи, Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги мустақил сиёсати баъзи кучларнинг ҳисобига тўғри келмай қолди. Ўзбекистоннинг номини қоралаш, уни “террорист мамлакат” ёрлиғи билан “сийлаш”га қаратилган катта сиёсий ўйин кетмоқдаки, буни англаш учун сиёсатчи бўлиш шарт эмас.
Ҳаммаси 2012 йилда, АҚШда қўлга олинган “Ўзбекистон ислом ҳаракати” аъзосининг Барак Обамага суиқасд уюштиришни режалаштиргани ҳақидаги хабарни оламга ёйиш билан бошланганди. Ортидан Ҳаракатнинг Қўшма Штатларда қатор террористик қилмишларни режалаштиргани ҳам халқаро медиада кенг ёритилди. Ҳеч бир дунё афкор оммаси вакили “Ўзбекистонда таъқиқланган бу террористик ташкилотнинг вакили АҚШда нима қиляпти?” деган саволни ташламади. Бундайлар Ўзбекистондаги қонун олдидаги жавобгарликдан қочиб, АҚШдан бошпана топгани ҳеч кимни қизиқтирмади ёҳуд қизиқиши эътибордан четга сурилди.
2016 йилда Трамп Идахода яшовчи яна бир Ўзбекистондан қочган “сиёсий қочоқ” террорчиларни тайёрлаётганини таъкидлаб, Ўзбекистонни “террорчи давлатлар” қаторига қўшганини яхши эслаймиз.
Ўзбекистонни тарк этиб, кўп йиллардан бери террорчи ташкилотлар сафида юрган, Абдулқодир Машариповни ҳам ўзбек эканлиги террорчи эканлигидан олдин урғуланди дунё “холис” медиасида.
Энди, мана, Швеция воқеалари. Очиғи, гумондор сифатида қўлган олинган шахснинг ўзбек эканлигига, яна асосий масала сифатида дунё оммавий ахборот воситаларида бонг урилмоқда. Хўш, террорчининг миллати бўладими ўзи? Бир-икки террор ботқоғига ботганлар учун миллатимизга “террорчи” сифатини ёпиштириш кимга керак бўлмоқда?
Энг қизиғи, Ўзбекистон томонидан террорчилик ва қўпорувчилик ҳаракатлари билан айбланганларнинг катта қисми айнан Швеция ва Норвегия мамлакатларидан бошпана топганига эса, ҳеч ким бир сўз ҳам демаяпти. Ўзбекистон жиноят кодексига кўра айбланиб, қидирувда бўлган террорчиларга “сиёсий қочоқ” (!!!) сифатида бошпана бераётган бу Скандинавия ўлкалари энди ўз “саховатларини” хаспўшлаш мақсадида, айбланаётган Раҳмат Оқиловни “ноқонуний” гастербайтер эканига диққат тортиб, уни Швецияга террор амалга ошириш учун келгандай кўрсатишмоқда. Нимаймиш, уни 2016 йилдан бери Швед махсус хизматлари кузатаётган эмиш, аммо сўнгги пайтларда изини йўқотганмиш... Чўпчакни бироз ишонарли тўқишга ҳам уринмаганлар, қаранг!
Бу Европаси, Америкаси Ўзбекистон борасида бундай сиёсат юритишлари ёш давлатимизнинг халқаро миқёсдаги мисқоллаб йиғаётган обрўсини йўққа чиқармоқда. Яқинда, кетларига тухум тиқилиб, чиқмай қолса ҳам, Ўзбекистоннинг алоқаси бўлиб чиқади бу ҳолатга бундай кетишда. Буни олдини олмасак, бугун Ўзбекистондаги ОАВ, ва ҳатто хориждаги ватандошлар ҳам бу борада кескин чиқишлари билан халқаро ҳамжамият фикрини объектив шаклланишига эришолмасак, эртага Ўзбекистон Ўзбекистон бўлгани учун эмас, “террорчи” бўлгани учун “машҳурликка” эришади ва бу стереотипни йўқотиш учун кўп вақт ва меҳнат керак бўлади.
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда