Швеция 106 ёшли афғон аёлга бошпана беришдан бош тортди. Уларга инсонлик дарси бериб, бу аёлни Ўзбекистонга таклиф қилайлик!!

Бу Ғарб деганлари, Америкаси “демократия, инсон ҳуқуқлари” деб жар солгани билан, аслида бу гаплар бошқа мустақил сиёсат юрғизаётган давлатларга сиёсий босим механизми экани ҳақида кўп ёзганман. Мана, куни кеча бу гаплар яна ўз исботини топди.
106 ёшли афғонистонлик онахон, Бибиҳол Ўзбек, ўтган йили ўз юртини тарк этишга мажбур бўлиб, аввал Хорватияга етиб борган. Кейин эса Швецияга кўчиб ўтиб, у ердан бошпана сўраган. Бироқ швед ҳукуматининг миграция хизмати бу аёлга мамлакатдан бошпана берилишини мақбул эмас деб топиб, уни қайта Афғонистонга депортация қилиш бўйича қарор чиқарди.
Мана сизга инсонийликдан йироқ жамият! Бу - 106 ёшли аёлга ўз юртларида бошпана беришга ожиз жамият. Булар Ўзбекистон “террорчи, қайтариб бер” деган шахсларга ҳужжат бериб, уларнинг ҳимоясига чиқади. Лекин, ожиз кампирга ёрдам беришни ўйлаб кўрмайди.
Бу “инсонийлик тарғиботчиси” бўлмиш Европага инсонлик дарси бериб, бу аёлни Ўзбекистонга таклиф қилиш керак деб ўйлайман. Тегишли дипломатик идоралар бу масалага эътибор қаратсалар, фамилияси Ўзбек бўлган Бибиҳол онани Ўзбекистонга олиб келиб, ҳаётининг қолган даврини бу ерда яшашини таъминланса. Давлат имижи учун фойдали бўлса керак деб ўйлайман.
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда