"Шўрпешоналар-2": Мадримовнинг рақиби омон қолганига шукр қилди, Холдоровнинг рақиби эса рингга чиқмай қўяқолди

 
Россиянинг Ханти-Мантийск мухтор округида, Белоярск шаҳрида бўлиб ўтаётган бокс бўйича XV Нефть мамлакатлари жаҳон кубогида навбатдаги беллашувлар бўлиб ўтди.
75 кг. вазнда россиялик Владимир Мирончиковга қарши рингга чиққан Исроил Мадримов рақибини пийпаб ташлади очиғи. Мирончиков зарбаларга дош бериб, рингдан тирик чиққанига шукр қилди. Россиялик боксчилар энди Мадримовофобияга (“Мадримов қўрқуви” касаллигига) дучор бўлишлари тайин.
Латвиялик Владислав Левса эса Санжар Турсуновга қарши рингга чиқди. Ўзи, рингда Ўзбек ва латиш боксчи деган жумла, футбол майдонида Бразилия ва Мўғулистон дегандай гап. Бечора латвиялик, зарбаларга чидаб, охиригача туриб берди, лекин шунча зарба бир беллашувда кўплик қилиб кетди унга. Бу ҳам етмагандай, диктор тўхтамай эълон қилиб турибди Санжарнинг ютуқлари-ю, совринларини, баттар довдиради рақиб. Энди кечаси Турсуновни тушида кўрса қўрқадиган бўлди...
Энг тўғрисини россиялик боксчи Алексей Климцев қилди: Иқболжон Холдоровга қарши рингга чиқмай қўяқолди. Бола-чақаси келган бўлса мусобақага, рингда шарманда бўлганимни кўрмагани яхши деди шекилли... Холдоров тўғридан тўғри ярим финалга йўлланма соҳибига айланди.
Бугун эса Олимпиада чемпиони Хасанбой Дўсматов 52 кг.гача бўлган вазнда россиялик Артур Ложниковни хотиржамлик билан мағлуб этиб, финалга йўлланмани қўлга киритди.
Мусобақалар давом этади.

Биз Twitterда