Шавкат Мирзиёевнинг Хитой сафари: Ўзбек-Хитой муносабатларида янги саҳифа!

ФОТО: http://uza.uz/
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 11 майдан эътиборан давлат ташрифи билан Хитойда бўлиб турибди.
12 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг икки мамлакат расмий делегациялари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.
Музокараларда ўзаро ва кўп томонлама муносабатларга оид долзарб масалалар, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш хусусида атрофлича фикр алмашилди. 
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги Қўшма баёнотни имзоладилар.
Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпиннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда томонлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш билан боғлиқ кенг кўламли масалалар, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашдилар. 
13 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев дастлаб Хитой ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашди. 
Учрашувда ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва изчил ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида сўз борди. Президентимиз бугунги кунда Ўзбекистонда самарали фаолият юритаётган хитойлик ишбилармонларга миннатдорчилик билдирди, алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори эканлигини қайд этди. 
Сўнгра Шавкат Мирзиёев Халқ вакиллари Умумхитой Мажлиси Доимий қўмитаси Раиси Чжан Дэцзян билан, кейин эса Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгаши Бош вазири Ли Кэцян билан учрашди. 
Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи доирасида Ҳукуматлараро техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги, халқаро автомобиль қатнови тўғрисидаги битимлар, умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасини асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга доир лойиҳаларни молиялаштириш тўғрисидаги ҳукуматлараро ноталар алмашинуви ҳамда ветеринария ва ўсимликлар инспекцияси карантини соҳасида Англашув меморандуми, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъеклари ўртасидаги ҳамкорликни рағбарлантириш бўйича Англашув меморандуми, қишлоқ хўжалиги соҳасида 2018-2020 йилларга мўлжалланган идоралараро алмашинув ҳамкорлик режаси каби қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди. 
UzA материаллари асосида тайёрланди

Биз Twitterда