Сарсонгарчиликларга қўйилган чек ёҳуд Электрон ҳукумат нима? Унда роботлар ишлайдими?

Article
Ўзбекистонда давлат бошқаруви тизимини, фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро алоқани электронлаштириш борасида сўнгги йилларда катта ишлар амалга оширилмоқда.  Шу боис, бугун “Электрон ҳукумат” деган тушунча кундалик ҳаётимиздан кенг ўрин эгалламоқда. Гарчи юртимиз аҳолисининг ҳаммаси ҳам бу ҳақда тўлиқ маълумотга эга бўлмаса-да, ушбу тизим жамият ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бораётир. Бу эса “Электрон ҳукумат нима?”,  “ҳукуматни роботларга топширамизми” деган саволларни тобора йўққа чиқариб бормоқда.
“Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази фаолияти мамлакатимизда давлатнинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан электрон ҳамкорлик тизимини такомиллаштириш ва янада ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини ишлаб чиқишга қаратилган.
“Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш жараёнида тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига вақт ҳамда маблағни тежаган ҳолда сифатли давлат хизматлари  кўрсатишга алоҳида эътибор берилмоқда. Шунинг учун давлат органлари фаолиятининг функционал ва операция жараёнларини тизимли асосда қайта ташкил этиш, давлат хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ бизнес жараёнларини бошқаришнинг инновацион механизмларини жорий қилиш, такомиллаштириш ва оптималлаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш марказ фаолиятининг муҳим йўналишларидандир.
Бу тизим ­идоралараро даражада ­давлат муассасалари ўртасида ахборот алмашиш самарадорлигини ҳамда жой­ларда режалаштириш ва ­бошқарувнинг сифатини юксалтиришга хизмат қилади. Жамоатчилик фикрини мунтазам мониторинг этиб бориш ҳамда унга таъсир ­кўр­сатиш имконини беради. Давлат ва бизнес муносабатларида эса маъмурий тартиб-таомиллар ав­томат­лашти­рилади. Натижада бизнесни рўйхатга олиш, солиқ ҳамда статистика ҳисоботларини, божхона декларацияларини топширишда тадбиркорларнинг вақти ва маблағи тежалади. Электрон ҳукумат халқ билан мулоқот учун қў­шимча механизм­ларни ­яратиш, ­давлат органлари ­фаолиятининг самарадорлиги, тезкорлиги ҳамда шаффофлигини таъминлашга қаратилган бўлиб, ижро ­интизомини ­янада мус­таҳ­кам­лайди.
Хуллас, бугунги кунга келиб, сиз ҳамма ишни компьютерни олдида ўтириб, ортиқча қийинчиликсиз амалга оширишингиз мумкин.   Ягона интерактив давлат хизматлари портали сизнинг хизматингизда. Жорий йилнинг март ойига келиб эса ушбу порталда 308 та электрон хизмат жорий этилди. Ҳар қандай ишингизни бажара олиш имконияти тўла яратилди. Ва бу тизим мукаммаллаштирилмоқда.
6 апрел куни Тошкент шаҳрида тадбиркорлик фаолиятини лицензиялашда интерактив хизматларни кўрсатувчи ва рухсат берувчи жараёнлар автоматлаштирилган «Лицензия» ахборот тизимлари комплексининг йўлга қўйилиши муносабати билан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
«Лицензия» ахборот тизимлари комплекси 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифалар асосида ишлаб чиқилган.
Лойиҳа доирасида Электрон лицензиялаш портали яратилиб, Интернет тармоғидаги license.gov.uz манзилида ишга туширилган. Ҳозирги кунда мазкур портал орқали 40 та фаолият тури бўйича лицензия ва рухсатномалар олиш учун электрон шаклда ариза топшириш, аризани кўриб чиқиш ҳолатларини кузатиб бориш, лицензиялаш ва рухсатномалар бериш жараёнларини автоматлаштирилган ҳолда амалга ошириш имкониятлари яратилган.
ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берар экан, мутахассислар ҳозирги кунда портал орқали 40 та фаолият туридан лицензия олиш учун электрон шаклда ариза топшириш билан боғлиқ бутун бошли жараён учун имконият яратилганини таъкидлади. Айни вақтда тадбиркорларга транспорт, архитектура, биржа, савдо, тиббиёт, таълим, маданият, спорт, туризм ва реклама йўналишларида фаолият юритиш учун лицензиялар электрон шаклда тақдим этилмоқда.
“Лицензия” ахборот тизимлари комплекси 2017 йил давомида барча рухсатномалар берувчи давлат идораларида босқичма-босқич жорий қилинади. Натижада, 2018 йилнинг 1 январидан рухсатномалар бериш жараёнлари автоматлаштирилиб, лицензия олиш учун зарур рухсат берувчи ҳужжатлар электрон тизим орқали олинади.
Матбуот анжуманида қайд этилганидек, “Лицензия” ахборот тизимлари комплекси лицензия ва рухсат бериш жараёнларини автоматлаштириш орқали лицензияловчи орган ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини ошириб, фаолият турларини лицензиялаш бўйича маълумотларнинг, шу жумладан лицензиялар реестрига киритилган маълумотларнинг очиқлигини таъминлайди, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини фаол ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Ҳар бир интернет фойдаланувчиси ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини Facebook’даги портал саҳифасида ёки «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази саҳифасида ёзиб қолдириши мумкин.
vodiymedia

Биз Twitterда