Самарқандлик Ҳожи Там-Там нега Там-Там?

Article
Самарқанд замини кўплаб иқтидорларни вояга етказгани билан машҳур. Ана шундай юксак иқтидорлардан бири халқ орасида Ҳожи Там-Там номи билан машҳур бўлган қизиқчи ва пародиячи Ҳожи Қурбон Ҳомидов эди. Ўтган асрнинг биринчи ярмида гуриллаб ижод қилиб, миллионлаб инсонлар меҳрини қозонган Ҳожи Там-Там 1888 йилда Самарқанда шаҳрида таваллуд топган. Эски мактабда савод чиқарган. Ёшлигидан халқ сайилларида ҳофизлар, машшоқлар, назм аҳли орасида бўлиб, ашула йўлларини, муқаллид қилишни ўрганади. Ҳожи Там-Там аския тури – ширинкорликнинг, шунингдек, доира чалиш, чўп ва қайроқ билан ижро этиладиган ўйинларнинг устаси бўлган. Одатда у қўшиқ айтганда, ўзига соз билан эмас, балки “там-там” деб рубобнинг жарангига қилинадиган тақлидий оҳанги билан жўр бўлган. Шу боис халқ уни Ҳожи Там-Там деб ардоқлаган.
Самарқанддаги Ёш томошабинлар (1942-43), Мусиқали драма ва комедия (1943-47) театрларида ишлаган. Унинг репертуарида ўзбек, тожик, озарбайжон, уйғур, рус халқ қўшиқлари, лапар ва латифалари, муқаллидлари катта ўрин тутган. Дони Зокиров, Набижон Ҳасанов, Шариф Акромов каби бастакорлар ундан қўшиқ ўрганишган. Юксак истеъдод соҳиби бўлган Ҳожи Қурбон Ҳомидов 1964 йилда 74 ёшида дунёдан кўз юмган. Айни пайтда унинг йўлини давом эттираётган иқтидор эгалари Самарқандда кўп топилади.

Биз Twitterда