Самарқанддаги халқаро анжуман мева-сабзавот маҳсулотлари экспортида янги саҳифа очди

Самарқандда “Мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини кенгайтириш ва рақобатни кучайтириш” мавзусида бизнес форум бўлиб ўтди. 
 

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган форумда Афғонистон, Бельгия, Германия, Франция, Исроил, Латвия, Литва, Туркия, Украина ва Марказий Осиё давлатларидан келган тадбиркорлар, халқаро ташкилотлар экспертлари, юртимизда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи корхоналар вакиллари, фермерлар қатнашди. 
Тадбирда эркин иқтисодий зоналар – рақобатни ривожлантиришнинг асосий омили, мева-сабзавотни қайта ишлаш, агро-логистика тармоғида монополияни қисқартириш ва рақобат муҳитини мустаҳкамлаш, Марказий Осиё мамлакатларидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилишни кенгайтириш ва диверсификациялаш йўналишлари бўйича маърузалар тингланди, тақдимотлар ўтказилди. Бу борада Ўзбекистон амалиёти ва халқаро тажриба таҳлил этилди. 
– Бир неча йилдан буён Ўзбекистондаги компаниялар билан ҳамкорлик қилиб келамиз, – дейди Литвадаги "UzLiTa" ассоциацияси президенти Даниус Сермунчинс. – Юртингизда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларига бизда талаб жуда юқори. Шунинг учун ҳам йилдан-йилга савдо шартномаларимиз салмоғи ошиб бормоқда. Ушбу форумда яна кўплаб ҳамкорлар топиб, манфаатли шартномалар тузишни режалаштирганмиз. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан маҳсулот етиштириш ва етказиб бериш бўйича фикр алмашдик. 
Форум доирасида Самарқанд вилоятида тайёрланаётган мева-сабзавот маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилди ҳамда вилоятнинг инвестициявий салоҳияти, хорижий ва хусусий сармоядорларга яратилган имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. 
– 2013 йилда иш бошлаган корхонамиз фаолияти асосан хорижга қуруқ мева экспорт қилиш билан боғлиқ, – дейди “Ургут маржонаси” масъулияти чекланган жамияти бош ҳисобчиси Абдураҳис Зиёдуллаев. – Россия ва Украинадаги бир қатор фирмалар билан тузилган шартномалар асосида жорий йилнинг биринчи чорагида 260 минг долларлик маҳсулот экспорт қилдик. Форум қатнашчилари ҳам маҳсулотларимизга қизиқиш билдирди ва улар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан фикрлашиб олдик. 
Тадбирнинг иккинчи куни бизнес-форум иштирокчилари “Ургут” эркин иқтисодий зонасида бўлиб, бу ердаги корхоналарда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, замонавий музлаткичларда сақлаш ва хорижга экспорт қилиш жараёнлари билан танишди. Ҳудуддаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш этилди. 

Биз Twitterда