Салмон Эшонга судда қарши гувоҳлик берганларнинг кўзи кўр бўлиб қолди

Article
Дунё сиру синоатларга тўла. Бунга тарихда ёрқин мисоллар жуда кўп. Шундай ҳодисалардан бири қорақалпоқ элининг забардаст диний олимларидан бири бўлган Салмон Эшон билан юз бергани аниқ далиллар билан исботланган. Ушбу уламони Чимбойда очиқ суд қилининаётган пайтга унга қарши ёлғон гувоҳлик берган икки киши аянчли аҳволга тушишади.
Салмон Эшон Камол ўғли 1884 йилда Чимбой уездига қарашли Шайхомон қишлоғида дунёга келган. Онаси Зайнабхон Қорақум эшоннинг қизи бўлган. У дастлабки таълимни бобоси бунёд этган мадрасада олади. Кейинчалик Хон Чимбой масжидига имомлик қилади. 1943 йилда диний назоратнинг Қорақалпоғистондаги вакили этиб тайинланади. 50-йилларда Раҳматуллоҳ Идрисов, Увайс Алоутдинов, Латиф Бекпўлатов ҳамда Кеўнимжай Жамаловларнинг Бухородаги Мир Араб мадрасасида келиб ўқишларига бош бўлган. Бироқ унинг бундай ишлари шўролар ҳукуматига маъқул келмай, ёшларни давлатга қарши тарбиялаяпти, деган айблов билан ҳибсга олинади.
Очиқ судга гувоҳ бўлган Жақсилиқ ота ўша воқеаларни шундай хотирлайди: “Салмон Эшонни Чимбойда очиқ суд қилишди, судда кўп одам тўпланди. Унга ёшларни давлатга қарши тарбиялаяпти, деган айб қўйишган эди. Лекин у: “Мен фақат етим болаларга ёрдам бераман” – деди. Икки киши ёлғондан Салмон Эшонга қарши гувоҳлик беришди. Шунда эшон уларга: “Сизлар ҳақиқатдан уларни давлатга қарши тайёрлаётганимни кўрдингизми?” – деб сўради. Улар: “Ҳа, кўрдик”, - дейишди. Суд тугаганидан сўнг бояги икки кишининг кўзи кўр бўлиб қолди”.
1952 йилда Салмон Эшон қамоқда вафот этади ва Нукус чеккасидаги айни пайтда ўз номи билан аталаётган қабристонга дафн қилинади.

Биз Twitterда