Салкам 530 миллион сўмлик дори воситалари йўқ қилинди

 
Куни кеча Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси томонидан тегишли идоралар билан ҳамкорликда салкам 530 миллион сўмлик катта миқдордаги дори воситалари йўқ қилинди.
“Наманган дори-дармон” акциядорлик жамияти дорихоналар омборхонасида сақланаётган қарийб 90 турдаги дори воситаларини йўқ қилиш тадбирида ҳар бир маҳсулот яна бир бор кўздан кечирилиб, тегишли далолатнома расмийлаштирилди ва махсус печ ёрдамида ёқиб юборилди, деб хабар берди МИБ Наманган вилоят бошқармаси.
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, фуқароларни дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бироқ, айрим ҳолларда ҳали-ҳануз ҳам сифати кафолатланмаган, ташиш ва сақлаш қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда четдан келтирилган дори воситаларини юртимизга яширинча олиб киришга уринаётган ҳамюртларимиз ҳам учраб турибди. Айнан божхона назоратини четлаб, ноқонуний йўллар орқали кириб келган ва ушлаб қолинган дори воситалари тегишли тартибда йўқ қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” қарорида ҳуқуқбузарлик ашёси тариқасида олинган, бирон-бир ҳужжати йўқ этил спирти, тамаки ва алкоголли маҳсулотлар, доривор воситалар ва тиббиёт буюмлари, озиқ-овқатга биологик фаол қўшимчалар, озиқ-овқат қўшимчалари, экспертиза хулосасига кўра истеъмолга яроқсиз деб топилган товарлар йўқ қилиниши қатъий белгилаб қўйилган.

Биз Twitterда