Садриддин Айнийдан сабоқ. "Домлани калтаги бўлса, дадамнинг пичоғи бор..."

Садриддин Айний ўз даврининг буюк намоёндаларидан бири эди. Фельетон ва ҳажвий мақолалари орқали кўнглининг тубида унсиз ётган фикрлари тилга киради, баралла айтолмаганларини асарларига муҳрлайди. "Эски мактаб" ана шулардан биридир.
Ҳажвияда муаллифнинг болалик даври, илк сабоқ олиш жараёни акс эттирилган. Бош қаҳрамон - муаллифнинг ўзи. Асарни ўзига жалб қиладиган биринчи жиҳат ҳам шу.
"Эски мактаб"даги воқеалар ривожи ХIХ аср муҳитини ўқувчининг кўз ўнгида гавдалантиради.
Ўқишни ўрганиш мақсадида домладан сабоқ олишга борган боланинг домла томонидан калтаклашини кўриб "Домлани калтаги бўлса, дадамнинг пичоғи бор. Агар мени урса, дадамга айтаман, дадам уни қулоғини кесиб ташлайди", - дея ўзига таскин берган кезлари юзингизга беихтиёр табассум югуртиради.
Ёш Садриддиннинг одиллик тарафдори бўлиб улғайиши, ёзувчи ва шоир бўлиб етишишига сабабчи унинг отаси экани ҳақидаги маълумотни ҳам шу асари орқали билишимиз мумкин. Муаллиф "Дадасининг уйга меҳмонларни чақириб, болаларни ўқитаётган домланинг ўзи ҳали тилни яхши билмаслигини айтиб шикоят қилгани, йиғилган ота-оналар эса домла ҳарф танитиб қўяётганидан ҳам мамун эканлигини айтган". Бу орқали ўша давр таълим тизимининг сустлиги, инсонларнинг бугуннигина ўйлаб яшагани-ю, фарзандлари тақдирига етарли эътибор бермаганини кўрсатиб беради. Мана асарнинг асл моҳияти қаерда?!
Садриддин Айний ўз даврида рўй бераётган ҳолатларни, давр тузумини асарларидаги муайян воқеалар орқали тасвирлаб берган. Ҳукмни эса ўқувчига қолдиради. Айни шунинг учун ҳам асар асрлар оша бизгача етиб келган.
Муаллиф асари сўнгида бир ёш мулла билан абжад йил ҳисобидан савол-жавоб қилдириб беллаштиргани, унда Садриддин ғолиб бўлиб, муллавачча енгилганини ёзади.
Абжат ҳисобини у дадасидан ўрганган эди. Шу ерни ўқиш жараёнида биз муаллиф дадасининг билимли кишиларданлигини англаймиз. Шунинг баробарида ўз замонида мулла номини олган кўплаб "муллаваччалар" етарли савод чиқармагани, аҳоли мана шундай "олдинги" қатлами ҳам тубдан емирилган эканига шоҳид бўламиз.
Мухтасар қилиб айтганда, ушбу асар айни дамда бизларни ўтмишга бир лаҳза бўлса-да, муаллиф билан қайтиб, бугунги кунимиз билан солиштириш, бугунга шукрона келтириш, эртага бугунгидан-да яхши натижаларга эришишимизга сабаб бўладиган хулосаларга келишимиз учун турт­ки бўла олади.
Наргиза МАВЛОНОВА.
 
 
 
Маълумот учун:  
XX аср ўзбек ва тожик адабиётларига улкан ҳисса қўшган атоқли адиб, олим ва жамоат арбоби Садриддин Айний 1878 йилнинг 15 апрелида Бухоро амирлигига қарашли Ғиждувон туманининг Соктаре қишлоғида дунёга келган.
Олти ёшидан мактабга қатнай бошлаган Садриддин 1890 йилда Бухорога келиб, Мир Араб, Бадалбек, Олимхон мадрасаларида таълим олган. Мадрасани тугатгач, янги усул мактабларида муаллимлик қилган.
1917 йил Февраль инқилобидан кейин Ўрта Осиёнинг турли шаҳарларида истиқлол учун кураш ҳаракатлари бошланиб кетди. Садриддин Айний амирликка қарши ҳаракатларда қатнашгани учун зиндонга ташланди.
С. Айний моҳир олим, тарихчи ва адабиётшунос сифатида ўзбек ва тожик адабиёти тарихи юзасидан катта илмий-тадқиқот ишларини олиб борди. Унинг Ўрта осиёлик буюк шоир ва олимлар - Рудакий, Саъдий, ибн Сино, Васфий, Бедил, Алишер Навоий, Аҳмад Дониш каби сиймолар ҳақида ёзган илмий асарлари ниҳоятда қимматли. Ана шундай салмоқли тадқиқотлари учун унга филология фанлари доктори илмий даражаси берилган.
Адиб Ўзбекистон Фанлар академиясининг фахрий аъзоси ҳамда Тожикистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси қилиб сайланган. Бир неча йиллар давомида Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат дорилфунунининг профессори ва Тожикистон Фанлар академияси ташкил топган кундан бошлабоқ унинг президенти сифатида хизмат қилган.
Садриддин Айний 1954 йилнинг 15 июлида Душанбе шаҳрида вафот этган. Не бахтки, адиб вафотидан кейин ярим аср ўтган бўлса ҳам, Ватан олдидаги унутилмас хизматлари инобатга олиниб, 2001 йилда унга «Буюк хизматлари учун» ордени берилди.

Биз Twitterда