Россияга меҳнат миграцияси тартибга солинади

Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Россия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
– Ўзбекистонда иқтисодиётни диверсификациялаш ва саноатни модернизациялаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар эътиборга молик, – деди Россия Федерацияси Ҳукумати раисининг ўринбосари, комиссия ҳамраиси Д.Козак. – Мазкур комиссия мажлиси икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш, истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама этиш учун қулай имконият бўлди. Ўзбекистон билан савдо, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва транспорт коммуникациялари, атроф-муҳит, илмий-техникавий соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз.
Мажлисда ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш масалалари ҳақида сўз юритилди. Савдо, энергетика, транспорт ва транспорт коммуникациялари, транзит, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш, ўзаро манфатли лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Комиссия вақтинчалик меҳнат миграцияси масалаларини тартибга солиш соҳасида музокара жараёнларини янада фаоллаштиради. Буни йиғилиш якуни бўйича имзоланган протокол тасдиқлаб турибди, деб ёзади ТАСС.  
Комиссия "Россия ТИВи ва Ўзбекистон меҳнат вазирлигига Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистон фуқароларнинг Россия ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бориши бўйича Келишув лойиҳаси”ни ишлаб чиқишни топширди.
Шунингдек, ҳужжатда меҳнат миграциясини тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича ваколатли органни ташкил этиш бўйича ҳам келишув лойиҳасини тайёрлаш ҳам кўзда тутилган.
Бу келишувлар давлатимиз раҳбарининг Россияга давлат ташрифи чоғида имзоланиши кутилмоқда.

Биз Twitterда