Режеп Таййип Эрдоған : АҚШ цивилизациядан йироқ мамлакат!

 
Гап келса, отасини ҳам аямайдиган Туркия Жумҳурияти президенти Режеп Таййип Эрдоған Истанбулда бўлиб ўтган Халқаро Тамаддунлар форумида АҚШни жиддий танқид остига олди.
“Ҳурматли Дональд Трамп жаноблари, менимча, маданият масаласини моддий қабул қиладиган типаждир. Биз турли эътиқод вакилларига эшикларимизни ёпмадик, лекин бугун АҚШда мусулмонлар у ердан қувилиш жараёнининг маҳкумига айланган бўлса, демак Америкада муаммо мавжуд. Трамп, ҳар нарсадан олдин буни ҳал этиши керак. Айтишади яна, “АҚШ демократиянинг бешиги” деб. Бундай ҳолатни демократия деб атаб бўлмайди. Мен уларнинг таклифи билан амалга оширган ташрифим чоғида мени ҳимоя қилган 13 та қўриқчимни қамоққа олиш қарорини чиқарган давлатни мен цивилизация мавжуд давлат деб атай олмайман, хафа бўлишмасин. Мени мамлакатингга таклиф қиласан-у, мени, бир давлатнинг президентини қўриқчиларим билан бирликда терористларнинг рўпарасида ҳимоясиз қолдирасан, менинг қўриқчиларим хавфсизликни таъминлаш учун чора кўришга мажбур бўлишади, сен буларга нисбатан қамоқ жазоси эълон қиласан. Адолат дегани бунақа бўлмайди.” деди Эрдоған.
Эслатиб ўтамиз, Режеп Таййип Эрдоғаннинг 2017 йил май ойида АҚШга давлат ташрифи чоғида Вашингтондаги Туркия элчихонаси олдида Президентни кутиб олишга чиққан тарафдорларнинг ёнида Туркияда таъқиқланган ПКК (Курд террор ташкилоти) аъзолари митинг уюштириб, Эрдоғанни ҳақоратлашга ва Туркия байроқларини ерга уришга бошлашди. Икки ўртада катта жанжал бошланиши аниқ бўлганда ҳам АҚШ полицияси ўзини четга олиб, буни тўхтатиш учун ҳеч қандай ҳаракат амалга оширмагач, Эрдоғаннинг қўриқчилари масалага аралашишга мажбур бўлишганди. Воқеа ортидан АҚШ ҳуқуқ-тартибот органлари қўриқчиларга нисбатан жиноий иш очганди.

Биз Twitterда