Равшанбек Мирзаолимов: ОТАЖОНЛАРИМ!

ФОТО: http://www.redcrescent.uz/
                                                 
ОТАЖОНЛАРИМ
 
Отамни кўрган Сиз – отажонларим,
Қалбимга яқиним, қадрдонларим,
Насллар томирида оқар қонларим,
Ягона тилагим – омон, бор бўлинг.
 
Сиз кўрган кулфатлар тарихдир бу кун,
Сиз чеккан заҳматлар қарийди секин.
Ва лек сиз қариманг, қариманг лекин,
Ягона тилагим – омон, бор бўлинг.
 
Кездим қанча юртлар, изларингиз бор,
Ғолиблик ярашган юзларингиз бор.
Ақлнинг кўзи – Сиз, сўзларингиз бор,
Ягона тилагим – омон, бор бўлинг.
 
Фашистни титратган паҳлавонимсиз,
Темурдек енгилмас қаҳрамонимсиз.
Оримсиз, номусим, шавкат-шонимсиз,
Ягона тилагим – омон, бор бўлинг.
 
 
******
 
 
ҚАБРЛАР
 
Украина – бепоён ўлка,
Қишлоқ, ўрмон, яйловлари кўп,
Ҳаммасида қалбни ўртовчи,
Катта-кичик қабрлар тўп-тўп.
 
Йўл четида мунғайган тепа,
Қай миллатнинг алп ўғлони.
Ҳатто қудуқ боши – сайҳонда,
Марҳумларнинг қабр-қўрғони.
 
Қайинзорлар ичра йўл солиб,
Қадам боссам, қалбим бўзлайди.
Чўкиб қолган ҳар лаҳад, ё Раб,
Машъум уруш нархин сўзлайди.
 
Барча қабр тепасида ҳам,
Кўз ёш ила маҳзун қоламан.
Балким уруш ютган у тоғам...
Аламимдан йиғлаб оламан.
 
Яна қабр, яна қабристон,
Урушларга ўқийман лаънат.
Қабр билан бошлаган сайҳон
Қабр билан тугади ҳайҳот!
 
Украина – бепоён ўлка,
Қишлоқ, ўрмон, яйловлари кўп,
Ҳаммасида қалбни ўртовчи,
Катта-кичик қабрлар тўп-тўп.
 
Равшанбек Мирзаолимов

Биз Twitterда