Президентнинг "Халқ қабулхона"си қандай ишлайди?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналари вилоят, шаҳар ва туман марказларида ташкил этилиб, энг қулай ва топиб бориш осон бўлган, транспорт хизмати муқим йўлга қўйилган марказий ҳудудларга жойлаштирилган. Тиббиёт, она ва бола хоналари, ногиронлар учун ҳам шароитлар муҳайё этилган.
 
 
Халқ қабулхоналари мурожаат қилувчи фуқаронинг масаласига тез ечим топиши учун замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланди. Шу тариқа ҳар бир мурожаат маълумотлар базасига киритилади ва шаҳар-туманлар кесимида тўлиқ жамланиб, вилоятда марказлаштирилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизматига юборилади. Мурожаатни ижобий ҳал этиш якунига этказилмайдиган бўлса, у ҳеч қачон назоратдан олинмайди. Бу Халқ қабулхоналари масъул ходимларига масъулият юклаши баробарида маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, хўжалик юритувчи субъектлар, жамоатчилик ташкилотлари ҳам ўзига хос жавобгарликни юклайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят, шаҳар-туманлардаги Халқ қабулхоналарига раҳбар тайинлашда номзодларнинг юридик хизматдаги тажрибаси, фуқаролар ва давлат идоралари билан мулоқот қилишда ҳаётий малакага эга эканлиги асосий мезон бўлади. Шу асосда Халқ қабулхоналари аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиб, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилади. Фуқароларнинг мамлакатимиз Президенти, ҳукуматимиз, давлат бошқаруви идоралари, парламент, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий давлат идоралари, хўжалик бошқаруви органларида мурожаат қилишида конституцион ҳуқуқлари сўзсиз амалга оширилишини таъминлайди.
Мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг олиб бориш ҳам Халқ қабулхоналари зиммасига юклатилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят, шаҳар-туманлардаги Халқ қабулхоналарида республика вазирлик ва идоралари, вилоят раҳбарлари, маҳаллий ҳокимликлар мутасаддиларининг сайёр қабулларини уюштириш, онлайн режимида алоқалар ташкил этиш ҳам белгиланган.
 Маъмурий жавобгарлик, Фуқаролик-процессуал, Жиноят, Хўжалик-процессуал кодекслар ва бошқа қонун ҳужжатларига тааллуқли мурожаатлар Халқ қабулхоналари томонидан мазмунан кўриб чиқилмайди. Шунингдек, мансабдор шахслар устидан асосланмаган, яъни исботини топмайдиган маълумотлар асосида бўлса, туҳмат, обрўсизлантиришга қаратилган ва шунчаки ўйлаб топилган мурожаатлар учун қонунчиликда белгиланган тартибда ушбу фуқарога нисбатан тегишли тадбирлар амалга оширилади.
Ҳар бир жисмоний ва юридик шахс Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош вазири, вазирлик, қўмита ва агентликлар, республика бошқаруви идораларида ташкил этилган виртуал қабулхоналар, Халқ қабулхоналарига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Демак, бу ерда навбат, кетма-кетлик кетмайди. Айтайлик, мурожаат туман миқёсида ўз ечимини топмаса, Халқ қабулхонаси раҳбари вилоят Халқ қабулхонаси раҳбари билан видеоалоқа орқали боғланади. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят Халқ қабулхонаси раҳбари мурожаатчи билан онлайн режимида суҳбатлашиб, масалани ҳал этиш учун барча даражадаги раҳбарлар, давлат идораларини жалб этиши мумкин. Вилоят Халқ қабулхонаси барча шаҳар-туманлар Халқ қабулхоналари билан видео онлайн алоқа орқали боғланган.

Биз Twitterда