Поплик Дилафрўз Қудратова Сочи шаҳрида барчани лол қолдирди

Дилафрўз Қудратова – Поп туманидаги 67-сонли умумтаълим мактабининг 9-синфини тамомлади. Бўш вақтларида санъатнинг сирли олами завқидан баҳраманд бўлиш унинг энг севимли машғулоти. Шу боис мактабда таълим олиш билан бирга 7-сонли мусиқа ва санъат мактабига қатнаб юрди. Фортепиано синфида устози Фарида Шодмонхўжаевадан қунт билан сабоқ олди. Маҳаллий бастакорлар асарларини, шунингдек, жаҳонга машҳур композиторлар яратган куйларни моҳирона ижро этишни ўрганди. Зеҳни ўткир, изланувчан ва ижрочилик малакасини тинмай ўстиришга интиладиган Дилафрўз ҳозирнинг ўзидаёқ мамлакатимиз ёшлари ўртасида ном қозонишга муваффақ бўлди.

   Д. Қудратова эришаётган ютуқлар салмоғи тобора ортиб бораётир. Жумладан, Зулфияхоним таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Замонамиз куйчиси”  республика кўрик-танловида биринчи ўринни қўлга киритган. “Камалак” болалар ижодий фестивали республика босқичида биринчи, “Ягонасан, муқаддас Ватан!” кўрик-танловида эса 3-ўринни эгаллаган. Куни кеча Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида якунланган “Аврора-2019” Бутунроссия  болалар ва ўсмирлар ижодкорлиги очиқ фестиваль-танловида ҳам Дилафрўзнинг чиқишлари олқишлар билан кутиб олинди. Мазкур ижодий баҳсда турли мамлакатлардан келган қатнашчилар хореография, вокал чолғу, таеатр йўналишлари  бўйича саҳнага чиқиб, қадрдон юртлари шарафини муносиб ҳимоя қилдилар.

   Дилафрўз эса танловда Мухтор Ашрафийнинг “Сўзсиз қўшиқ” ва Шопеннинг “Вальс” куйларини фортепианода устози Фарида Шодмонхўжаева ўргатган тарзда, шу қадар маҳорат билан ижро этдики, унинг ижрочилик лаёқатига тан бермаган мухлис қолмади. Бинбарин, фестивал-танлов ҳакамлар ҳайъати раиси, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган артист, Сочи давлат филармонияси солисти Виктор Кузнецовнинг ҳам эътиборини қозонди. Дарҳақиқат, юзлаб ижрочилар орасида Попдан борган мусиқачи чолғу ижрочилиги номинацияси бўйича совриндор бўлиб, 2-даражали диплом билан тақдирланганлиги бижиз эмас.

   Дилафрўз Поп шаҳрининг Ҳамид Олимжон маҳалласида яшовчи Алимовлар оиласининг кенжа фарзанди. Онаси педагог, отаси шифокор. Юлдузхон ва Холматжонлар фарзандларининг чуқур билим олиб, етук инсонлар бўлиб вояга етишлари учун барча икониятларни яратиб қўйишган. Натижаси эса бирин-кетин намоён бўлмоқда. Ўғиллари хориж олийгоҳларида таълим олишяпти. Дилафрўз эса санъатнинг  машаққатли йўлини танлади. Умид қиламизки, толиебаланд қиз Сочидагидан-да юксакроқ чўққиларни  эгаллайди.

                                                                                                 Абдулла ҒОЗИЕВ.

Биз Twitterда