Попдаги Пиллакаш бозорига мутасаддилар нега "панжа ортидан" қарашмоқда?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Нодиржон Мухторов Поп туманидаги Сирдарё, Янгиҳаёт, Чодак қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида сайловчилар билан очиқ мулоқотларни ўтказди.
 
 
Учрашувларда сайловчилар ўзларини қизиқтирган бир қатор масалалар билан халқ вакилига мурожаат этдилар. Жумладан, Хўжаобод қишлоқ врачлик пунктида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда бош шифокор Ҳафиза Жалолова сўзга чиқиб, ҚВПда иссиқлик тармоғини яхшилаш, мавжуд штат-ходимларни қисқартирмаслик, ҳудуддаги таъмирталаб йўлларни ободонлаштириш лозимлигини илгари сурди.
26-умумтаълим мактаби биносида ўтказилган учрашувда эса Чодак қишлоғида яшовчи Абдурасул Саматов яқинда ҳарбий хизматни ўтаб қайтган фарзандини ёнғин хавфсизлиги бўлимига ишга жойлаштириш масаласига амалий ёрдам беришни сўради.
Пиллакаш маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Озодвой Бозоров МФЙ ҳудудида жойлашган бозор бугунги кунда талаб даражасига жавоб бермаслигини айтиб, унда озиқ-овқат маҳсулотлари ва буюмлар ҳеч қандай сертификатсиз сотилаётгани, бозордаги тартиб-интизомнинг йўқлиги оқибатида кўчада ҳаракатланиш учун қийинчиликларга дуч келинаётганини, бу борада солиқ ва бошқа тегишли идоралар томонидан ҳеч қандай амалий чора-тадбирлар кўрилмаётганини қайд этди.
Депутат сайловчилар билан учрашувларда кўтарилган масалалар белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, ижобий ечим топилиши ҳамда бунда парламент ва жамоатчилик назорати мехназмларидан унумли фойдаланишини алоҳида қайд этди.
Таъкидлаш жоизки, очиқ мулоқотлар давомида бир қатор фуқаролар аввалги учрашувларда ўртага ташланган муаммоларни бартараф этилгани, таклиф-ташаббуслар қўллаб-қувватлангани кўпчиликни хурсанд қилди
Оқилхон ДАДАБОЕВ

Биз Twitterда