Қозоқ пенсионери учар автомобиль ихтиро қилди ва уни "Астана ЭКСПО-2017" бутунжаҳон кўргазмасида намойиш қилмоқчи

Қарағанда шаҳрида яшовчи 70 ёшли Казбек Сиздиков "Учар Амфибия" деб номланувчи учар аппаратни ихтиро қилганди ва уни 2015 йилда патентлаганди. Кейинчалик учар аппаратини соддалаштирилган версиясини ўйлаб топган пенсионер уни "Велосипедли учар Амфибия" деб атади. Иккинчи ихтиро учун патентни ўтган йили олди. Отахон бу ихтиролари асосида конструкторларнинг учадиган ва сувда юра оладиган ўзига хос автомобиль яратишларини орзу қилади. Ихтирочи ўз лойиҳаларини Астанада ўтказиладиган ЭКСПО-2017 бутунжаҳон кўргазмасида намойиш этмоқчи.
"Учар Амфибия" – бу ҳавога вертикал кўтарила оладиган, самолёт каби учадиган, сувда сузувчи ва оддий машинадек юрувчи автомобиль. Муаллифнинг ғоясига кўра, бу аппаратдан қуруқлик, сув, ҳаво транспорти сифатида мураккаб шароитларда, бизнесменлар транспорти сифатида, ҳарбий-саноат мажмуаси техникаси сифатида фойдаланиш мумкин.
"Бу лойиҳа устида узоқ йиллар ишладим. Автомобилнинг ғилдиракларини қайиқ эшкаклари ва самолётнинг ҳаво парракларига улангани ихтиро асосини ташкил этади", – дейди ихтирочи. Унинг иккинчи ихтироси ҳам ўзига хосликларга эга. Унинг сўзларига кўра, бу лойиҳаларни амалга ошириш учун истак ва маблағ бўлса бас.
"Яқинда Қарағанда ҳокими Нурмухамбет Абдибеков қабулида бўлдим. У менга "Астана ЭКСПО — 2017" миллий компания"си акционерлик жамияти бошқаруви раиси Ахметжан Есимов билан менинг иштироким борасида гаплашишини айтди. Бундан ташқари ҳоким Карағанда давлат техника университети ректорига қўнғироқ қилиб, амфибия автомобилнинг 3D-макетини тайёрлаш ва патентни инглиз тилига таржима қилишда ёрдам уюштириб беришини айтди", - дейди Сиздиков Тенгриньюс мухбирига берган интервьюсида.
Нафақага чиққунга қадар босмахонада ишлаган Казбек оға узоқ йиллардан бери ихтирочиликка қизиқади. Бу борада у кўплаб ихтиролар қилиб, патентлар олган.

Биз Twitterда