Ҳожилик кибрга бошламасин ёхуд оқибат борасида ...

 
Қўлимга қалам олиб ушбуни ёзишга менга бир йиғинда бўлган суҳбат сабаб бўлди.
Ўзбекнинг нимаси кўп, тўй-ҳашами, гап-гаштаги. Шундай йиғинларнинг бирига камина ҳам бор эдим. Уйнинг тўрида ўтирган олтмиш ёшларни қаршилаган, башанг кийинган бир киши мақтаниб қолди: “Мен ҳаж сафарига тўрт марта бордим. Насиб қилса келгуси йили яна бориш ниятим бор...”
Бу гапни эшитиб менга падари бузрукворим, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби”, Қуръони Каримни ўзбек тилига таржима қилган йирик манбашунос олим Исматуллоҳ ҳожи Абдуллаевнинг бир пайтлар айтиб берган ривоятлари эсимга тушиб кетди.
Узоқ ўтмишда бир донишманд яшаган экан, у жуда билимли ва доно бўлган экан. Аллоҳ насиб қилиб ҳажга борибди ва ҳаж амалларини адо этиб бўлгач, ҳужрасида ўтирган пайтда елкасига икки фаришта қўниб ўзаро суҳбатлашибди. Фаришталар, “Бу йил ҳаж амалини бажаргани жуда кўп инсонлар келди, лекин фақат боғдодлик Абдуқосим кавушдўзнинг ҳажи қабул бўлди ва унинг шарофати билан бошқаларнинг ҳажи ҳам қабул бўлди,” деб яна учиб кетишибди. Бу суҳбатни эшитган донишманд, “мен уйимга боришдан аввал албатта Боғдодга бориб, фаришталар айтган Абдуқосим кавушдўз билан кўришиб, уни зиёрат қилиб қайтаман,” деб йўлга тушибди.
Боғдодга бориб, сўраб-суриштириб Абдуқосимнинг уйини топибди. Оддий, камтарона ҳовли эшигини тақиллатибди. Ичкаридан ўрта ёшли бир киши чиқиб, салом берибди. Шунда донишманд “Абдуқосим, мен сизни зиёрат қилгани келдим. Ҳажингиз қабул бўлсин” дебди.
Абдуқосим донишмандга қараб, “кечирасиз, сиз адашганга ўхшайсиз, мен ҳаж зиёратига борганим йўқ,” деб жавоб берибди. Донишманд ҳайрон бўлиб, ҳажга борганидаги бўлган воқеани унга сўзлаб берибди ва Абдуқосимга “сизнинг нимадир қилган яхши амалингиз Аллоҳга ёққанки, сизнинг ҳажингиз қабул бўлган ва сиз орқали бошқа инсонларнинг ҳажи қабул бўлган,” дебди. Абдуқосим бу гапларни эшитиб, ҳайрон бўлиб қолибди.
Донишманд ундан “нима иш қилдингизки Аллоҳга шунчалик ёқибди?” деб сўрабди. Кавушдўз ўйланиб, бундан бир неча ой олдин бўлиб ўтган воқеани сўзлаб берибди:
“Мен бир оддий косибман, Худога шукр, оилам, бола-чақам, уй-жойим бор. Беш вақт намозимни ўқийман, рўза тутаман ва закотини бераман. Лекин исломнинг бешинчи фарзи бўлмиш ҳажга боришни ният қилардиму, ҳар йили озгина маблағим етмай, боролмай қолардим. Ўтган йили, “келгуси йили Худо хоҳласа албатта ҳаж сафарига бораман” деб, бир қути ясаттирдим ва ҳар кунги даромадимдан учдан бирини шу қутига сола бошладим.
Бир куни уйга келсам хотиним бурчакда йиғлаб ўтирибди. Ҳайрон бўлиб сўрадим: “Сизни ким йиғлатди ёки болалар қийнаб қўйдими?”
Хотиним менга қараб, “ён қўшнимиз хафа қилди”, деди. Хайронлигим янада ортиб, “бўлиб бўлган воқеани аниқроқ тушунтириб беринг” дедим.
Хотиним, “Бир юмуш билан қўшниникига чиққан эдим, улар дастурхонда кабоб еб ўтиришган экан. Биласиз, ҳомиладорман. Кабобнинг ҳиди димоғимга урилиб, кўнглим кетди, лекин қўшни мени дастурхонга таклиф қилмади. Ҳатто бир бўлак илинмади ҳам. Шундан ранжидим. Хўрлигим келиб, йиғлаб ўтирибман” деди.
Бу гапдан жуда жаҳлим чиқди. Кўздек қўшни бўлсак, бирор маротаба сан-манга бормаган бўлсак, наҳотки хотинимнинг ҳомиладорлигини кўра-била туриб, бир сих, лоақал бир тишлам кабобини қизғонган бўлса. Ғазабланиб қўшниникига чиқдим. Қўшним ичкарига таклиф қилди. Мен кўнмадим. “Сиздан хафа бўлдим”, дедим ва хотиним билан бўлган воқеани айтиб бердим. Қўшни мендан бу гапларни эшитиб мени мажбурлаб уйига олиб кирди ва менга қараб сўз бошлади:
“Мана, кўринг, уйда қўлга илинадиган, сотгулик ҳеч нарса қолмади. Беш-олти ой олдин дўконим касодга учради. Солиқларни ҳам, қарзларни ҳам тўлолмай қолдим. Уйдаги барча нарсаларни сотдим, егулик топиш ҳам дардга айланди. Бугун эрталаб нима қилишимни билмай кўчага чиқдим. Узоқ юрибман, қарасам далада, дарахт тагида бир қўй ўлиб ётибди. Болаларим очликдан ўлмасин деб ёнимдан пичоқни олиб қўйни сўйдим. Уйга олиб келиб, болаларимга кабоб пишириб, еб ўтирган пайтимизда сизнинг хотинингиз чиқиб қолди. Ҳаром ўлган қўйнинг гўшти бизга ҳалол, аммо сизнинг хотинингиз ва туғилажак фарзандингизга ҳаром бўлгани учун уни дастурхонга таклиф қилмадик.” Бу гапларни айтган қўшним йиғлаб юборди.
Шу заҳоти дўконимга кириб, қутини очдим, санасам бир эмас, икки марта ҳаж қилишга етарли пул тўпланган экан. Белимдаги қийиқчамни ечиб, пулларни тугдим ва қўшнимникига қайтиб бориб, унга пулни бердим. Лекин қўшним хижолат қилиб пулни олмади. Шунда мен унга “бу пуллар рўзғордан ортиқча, мен насиб қилса ҳажга бориш учун тўплаган эдим, аммо ён қўшнимнинг бошига шундай ташвиш тушиб турган пайтда мен қандай қилиб ҳажга боришим мумкин,” деб мажбурлаб пулни бериб чиқдим. Бўлган воқеа шу...”
Донишманд Абдуқосимга қараб “сиз уйда туриб ҳаж қилибсиз ва сиз туфайли мен каби ҳажга борганларнинг ҳажи қабул бўди,” деб дуо қилибди ва йўлига равона бўлибди.
Бу ривоятни эслаб ўйлаб қолдим. Ғазал мулкининг султони, катта бир салтанатнинг вазири аъзами, буюк бобокалонимиз ҳазрат Алишер Навоий ҳам нима учун ҳаж қилмаганликларини тушундим...
Мустақиллик бизга кўп нарсаларни берди. Хусусан, динимизга эътибор кучайди, масжидлар, мадрасалар очилди. Ҳаж сафарига, умра зиёратига бориш учун имкониятлар туғилди. Аммо негадир кейинги пайтлар қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар ўртасидаги оқибат кўтарилгандай. Ҳожилик баъзи ҳоллардан ибодатликдан чиқиб кибрга айлангандай... Яна билмадим...
Ҳамидулла АБДУЛЛАЕВ,
Наманган шаҳри

Биз Twitterда